11:51 (20.01.2025)
191
“Дори-Дармон” акциядорлик компанияси тижорат директори Рамил Абдулов "Фармасинтез" компаниясининг экспорт бўлими бошлиғи Воскобой Эдуард билан учрашув ўтказди.
Учрашувда шунингдек, Ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи Зафар Умаров, “Ўзбекистон Дори таъминоти” МЧЖ директори Алишер Ташов, “Фармасинтез” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эркин Ходжаниёзов иштирок этишди.
Учрашувда “Дори-Дармон” ва Россиянинг “Фармасинтез” компаниялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, “Фармасинтез” компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган дори воситаларини етказиб бериш соҳасида муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Дори-Дармон” АК Ўзбекистон аҳолисига ижтимоий аҳамиятга дори воситаларини етказиб берувчи асосий йирик компаниялардан ҳисобланади. “Фармасинтез” компаниялар гуруҳи эса Россиядаги энг йирик ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ишлаб чиқарувчилардан биридир. Компаниянинг дори воситалари сил, ОИВ, онкология, диабет ва гепатит каби асосий терапевтик соҳаларда қўлланилади. Компания томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаларининг 80% дан ортиғи ҳаётий ва зарурий дори воситалари рўйхатига киритилган.
Компаниянинг барча ишлаб чиқариш майдончалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва GMP сифатини назорат қилишнинг энг юқори талабларига жавоб беради. Бу ишлаб чиқарилган дори воситаларининг доимий юқори сифати ва самарадорлигини кафолатлайди.
“Дори-Дармон” ва “Фармасинтез” компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик аҳолини зарур ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари билан таъминлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.