13:50 (26.12.2023)

1077

Дори воситаларининг савдоси ҳолати қандай?

Cоғлиқни сақлаш соҳаси инсон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ бўлган муҳим тармоқ. Мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш, аҳолини зарур ва сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимида электрон рецепт тизимини жорий этиш, фармацевтика тармоғини ривожлантиришга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартларидан келиб чиқиб, бугунги кунда фаолият юритаётган фармацевтика корхоналарида юздан ортиқ халқаро ва миллий стандартлар жорий қилинган. Натижада Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси йилига 8-10 фоизни ташкил этиб, МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган шундай бозорлар қаторидан ўрин эгалламоқда.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини назорат-таҳлил тартибида ўрганиб келмоқда. Мазкур жараёнларда соҳада эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам мавжудлиги аниқланган.  

Ўзбекистон Республикаси рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг маълумотларига кўра, бугунги кунда рўйхатга олинган дори воситаларининг 80 фоизига референт нархлар шакллантирилган. Қўмитанинг “FAIR TECH” ягона ахборот тизимида дори воситаларининг улгуржи ва чакана савдосида нархларни референт нархлар билан автоматик тарзда солиштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларни аниқлаш имконияти яратилган.  

Мазкур тизимга келиб тушаётган маълумотлар таҳлил этилганда бир ойда чакана савдода ўртача 400 мингдан ортиқ, улгуржи савдода 250 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар қайд этилгани кузатилган. Ушбу ҳолатларнинг сабабларини ўрганиш давомида референт нархлар реестридаги 2,7 мингта дори воситаларининг нархлари сўнгги уч йилда қайта кўриб чиқилмагани, импорт қилинадиган дори воситаларининг қийматини ҳисоб-китоб қилишда харажатлар миқдори тўлиқ инобатга олинмагани, айрим дори воситалари бўйича икки хил чакана референт нарх ўрнатилгани каби омиллар кузатилган.  

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятовга “Мамлакатимизда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси ҳолати тўғрисида”ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш бўйича қарор қабул қилинди.  

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech