09:00 (19.01.2024)

489

Дунё бўйлаб тамаки истеъмолчилари сони камаймоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунё бўйлаб тамаки истеъмолчилари сони 1,25 миллиард кишигача камайди (катталарнинг ҳар беш нафаридан бири), 2000 йилда бу кўрсаткич ҳар 3 кишига бир нафарни ташкил этарди.

ЖССТ ҳисоботига кўра, тамаки истеъмолининг қисқариши 150 та мамлакатда қайд этилган. Хусусан, Бразилияда 2010 йилдан бери тамаки истеъмоли 35 фоизга камайди, Нидерландия эса 30 фоизлик кўрсаткичга эришишга яқин турибди.

«Сўнгги йилларда тамаки назорати соҳасида ютуқларга эришилди, аммо ҳозир хотиржам бўладиган вақт эмас», — деди ЖССТ соғлиқни сақлаш бўйича директори Рюдигер Крех. Унинг таъкидлашича, тамаки саноати «сон-саноқсиз ҳаётлар эвазига фойда ортидан қувмоқда». Шунингдек, «соғлиқни сақлаш сиёсатини манипуляция қилиш ҳамда ўзининг ҳалокатли маҳсулотларини сотиш имкониятидан фойдаланмоқда».

Шунинг учун ЖССТ мамлакатларни тамакига қарши курашни давом эттиришга ва тамаки саноати таъсирига қарши туришга чақиради.

ЖССТ маълумотларига кўра, Жануби-Шарқий Осиёда тамаки истеъмол қиладиган аҳолининг энг юқори улуши 26,5% ни ташкил қилади. Европа минтақасида бу кўрсаткич 25,3% ни ташкил этади. Европа минтақасидаги аёллар ўртасида тамаки истеъмоли глобал ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп ва пасайиш бошқа минтақаларга қараганда анча секинроқ.

Ўзбекистонда, ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда тамаки истеъмолчилари сони 3,83 млн кишини ташкил этади, улардан 3,71 миллиони эркаклар ва 123 минг нафари аёллардир.

ЖССТ прогнозларига қараганда, 2025 йилга бориб дунёда тамаки истеъмоли 2010 йилга нисбатан 25 фоизга камаяди. Дунёнинг фақат 56 та давлати 30 фоизга қисқаришга эришади. Ташкилот қайд этишича, Конго, Миср, Индонезия, Иордания, Уммон ва Молдова каби баъзи мамлакатларда тамаки истеъмоли ўсишда давом этмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech