09:00 (14.03.2024)

999

“Электрон поликлиника” тизимининг такомиллашган янги талқини пилот тариқасида ишга туширилди

Оилавий поликлиникаларда беморларни энг кўп қийнайдиган масала нима? Шифокор қабулига узундан узоқ навбат кутиш, албатта. Бу ҳолат, айниқса, ёш болали аёллар, ҳомиладорлар ва оғир беморларга қийинчилик туғдириши бор гап.

Бу муаммонинг ечими эса битта! У ҳам бўлса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этишдир.

Шундан келиб чиққан ҳолда бугун юртимизда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан бирламчи бўғинда “Электрон поликлиника” ахборот тизимининг босқичма-босқич йўлга қўйилиши соҳа ходимлари ва беморлар учун айни муддао бўлмоқда.

Куни кеча пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 7-сон оилавий поликлиникада “Электрон поликлиника” ахборот тизимининг такомиллаштирилган янги талқини пилот тариқасида ишга туширилди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

 Хўш, ушбу лойиҳанинг афзалликлари нимада? У беморлар, шифокор ва ҳамширалар учун қандай қулайликлар яратади?

 — Гап шундаки, аввалги тизимдан фарқли ўлароқ, мазкур дастурнинг патронаж хизмати рақамлаштирилиб, “Электрон рецепт” (реимбурсация) тизими жорий этилган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Нодир Эшназаров. — Шунингдек, унда реал вақт режимида статистик маълумотларни шакллантириш ва беморларга оид шахсий маълумотларни етарли даражада ҳимоялаш таъминланган ҳамда ахборот тизимлар ўзаро интеграция қилинган.

 Қайд этиш керак, такомиллаштирилган “Электрон поликлиника” ахборот тизимининг жорий этилиши ҳисобига аввал бемор шифокор қабулида 40 дақиқа навбат кутган бўлса, эндиликда мутахассис кўригига онлайн ёзилиш орқали бу вақт 10 дақиқагача қисқаради.

 Қолаверса:

  •  автоматик ҳисобот шаклланиши орқали ойлик 28 турдаги бланка ва формалар бекор қилинди;
  •  тиббий маълумотларни электрон шаклда сақлаш имкони яратилди;
  •  тизим Давлат персоналлаштириш маркази, MIS-2 ва Электрон ҳукумат платформалари билан интеграция қилинди.

 Мазкур янгиликнинг яна бир қулайлиги шундаки, оилавий поликлиникага келган беморнинг юзини аниқлаш дастурлари орқали дарҳол хизмат кўрсатиш режимига ўтилади. Яъни фуқародан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар сўраш билан ортиқча вақт йўқотилиши ва оворагарчиликларга чек қўйилади.

Шунингдек, унинг ёрдамида ягона тиббий рақам шакллантирилиб, бемор стационар даволанишлар ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиши ва ўзига тегишли тиббий маълумотномалар билан масофавий танишиш имконига эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, “Электрон поликлиника” тизимининг такомиллаштирилган янги талқинининг йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида тиббий маълумотлар алмашинуви учун дастурий муҳит яратиш, соҳани давр талабларига мослаштириш орқали уни модернизация қилишга ёрдам беради.

Энг асосийси, янги тизим тиббиётни том маънода аҳолига яқинлаштириб, шифокор қабулига бўладиган узундан узоқ навбатларга чек қўяди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech