08:51 (28.02.2024)

1539

"Фаренгофорте" ишлаб чиқарувчиси ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди

Ижтимоий тармоқда кенг муҳокамага сабаб бўлган, "Фаренгофорте" спрейининг ишлаб чиқариш жараёни акс этган видео бўйича Санэпидқўмита мутахассислари ишлаб чиқарувчи тадбиркор билан боғланиб, мавжуд хужжатларини ўрганиб чиқди.

Ўрганиш натижаларига кўра, "Фаренгофорте" гигиеник восита бўлиб, “MENGARIS PHARMACEUTICAL” МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилади. Тадбиркор ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш учун 2020 йилда қўмитадан рухсатнома, худудий бўлимидан санитария-эпидемиологик хулоса ва мувофиқлик органидан мувофиқлик сертикатларини олиб ишлаб чиқаришни бошлаган.

“MENGARIS PHARMACEUTICAL” МЧЖ ишлаб чиқараётган маҳсулотлари учун олган рухсатнома, санитария-гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатларида корхона манзили: Тошкент вилояти Зангиота тумани Хонобод ҚФЙ Нурли Ҳаёт кўчаси 85-уй кўрсатилган. Бироқ ҳозирги кунда Тошкент шаҳар Янгиобод тумани Оҳанграбо 1 манзилида фаолият юритмоқда ва маҳсулотларни ушбу манзилда ишлаб чиқармоқда.

Тадбиркорга амалдаги қонунчиликка кўра, корхона биноси янги манзилга кўчирилганда янги ишлаб чиқариш манзилига қайта рухсатнома олиши лозим эканлиги тушунтирилди.

МЧЖ раҳбари ўз ташаббуси билан янги ишлаб чиқариш манзилига рухсат этишга оид хужжатларни қайта расмийлаштиргунга қадар фаолиятини вақтинчалик тўхтатди.

Ижтимоий тармоқда муҳокама бўлган видео бўйича қўмита мутахассислари томонидан жойига чиқиб ўрганилганда, тадбиркор ҳақиқатдан ҳам ушбу видео “MENGARIS PHARMACEUTICAL” МЧЖ корхонасига тегишли бўлиб, бундан 2 йил олдин олинган видео эканлиги ва ушбу ҳолат ҳозирда бартараф этилганлигини маълум қилган

Шунингдек, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассаси “Фаренгофорте” савдо номидаги маҳсулот аслида дори воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги ва тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат берилмаганлигини маълумом қилиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублигидан, мулкчилик ва бошқарув шаклидан қатъий назар) барча ташкилотлар ва юртдошларимизни огоҳликка чақириб, “Фаренгофорте” маҳсулотини реализация қилмаслигини сўради.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти” тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech