16:00 (09.06.2026)
55
Адлия вазирлигида Зарур амалиётлар (GxP) талабларига мувофиқлиги юзасидан фармацевтик инспекциядан ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар миқдорини аниқлаш тартиби давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3847, 2026 йил 4 июнь).
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18-сентабрдаги 788-сон қарорида фармацевтик инспекцияларни ўтказиш билан боғлиқ ишларга ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган.
Идоравий ҳужжат билан эса айнан ушбу турдаги тўловлар миқдорларини аниқлаш тартиби белгилаб берилди.
Ҳужжатга кўра, тўловлар фармацевтик инспекция ўтказиш учун меҳнат вақти нормаси (соатларда) ва дори воситалари коэффициентидан иборат бўлади.
Ҳужжатни қайта ишлаш жараёнида манфаатдор идоралар билан келишиш ҳамда кўплаб муҳокамалар натижасида тўловлар миқдорлари амалдагисидан сезиларли даражада камайтирилди.
Масалан, айрим тўловлар маҳаллий корхоналар учун 38 млн сўмгача, хорижий корхоналар учун 103 млн сўмгача арзонлашди.
Мисол учун:
➖ Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP) бўйича – 15 фоизга;
➖ Зарур клиника амалиёти (GCP) бўйича 27 фоизга;
➖ Зарур лаборатория амалиёти (GLP) бўйича 38 фоизга;
➖ Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP) бўйича 33 фоизга арзонлашди.
Шунингдек, инспекция назорати (даврий) учун тўловлар фармацевтик инспекция учун белгиланган тўловларнинг учдан бир қисми миқдорида тўланиши белгиланди.