08:55 (17.01.2025)
381
AҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (ФДA) озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларига қадоқларнинг олд томонига маҳсулот таркибидаги озуқавий моддалар ҳақида маълумот берувчи ёрлиқларни жойлаштиришни таклиф қилди.
Бу истеъмолчиларга янада соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини танлашга имкон беради, деб тахмин қилинмоқда.
Бундай чора-тадбирлар ҳукуматнинг америкаликлар орасида сурункали касалликларга қарши курашиш борасидаги саъйи -ҳаракатлари доирасида амалга оширилмоқда.
Aгар лойиҳа амалга оширилса, истеъмолчилар нафақат озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби, балки ортиқча истеъмол қилиш сурункали касалликлар, шу жумладан, қандли диабет ва юрак касалликларининг ривожланиши билан бевосита боғлиқ бўлган учта модда - тўйинган ёғлар, туз ва шакар ҳақида ҳам маълумот олиш имкониятига эга бўлади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти октябрь ойида озиқ-овқат ва ичимликлар қадоқларининг олд томонида уларнинг озуқавий хусусиятлари ҳақида осон ўқиладиган маълумотлар бўлиши кераклигини эълон қилганди.
Aйрим мамлакатларда, масалан, Aвстралия, Белгия, Чили, Франция ва Италияда озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий ёки ихтиёрий маркировкалаш тизими жорий этилган.