18:00 (22.08.2025)

84

Германияда антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш оқибатида ўн минглаб одам вафот этди

Роберт Кох институти ва Вашингтон университети томонидан ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, фақат 2019 йилнинг ўзида Германияда даволашга чидамли бактериялар (инфекциялар) сабабли тахминан 45,7 минг киши ҳаётдан кўз юмган.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, бу ўлимларнинг 9,600 га яқини тўғридан-тўғри қаршилик билан боғлиқ бўлиши мумкин, яъни агар бактериялар чидамли бўлмаганида беморлар омон қолиши мумкин эди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу ҳолат антибиотиклардан нотўғри ва назоратсиз фойдаланиш натижасида юзага келган бўлиб, соғлиқни сақлаш тизими учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Жаҳон миқёсида ҳам вазият ташвишли. Соғлиқни сақлашни баҳолаш институти (IHME) томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, 2021 йили дунё бўйлаб антибиотикларга чидамли бактериялар сабаб бўлган инфекциялар натижасида тахминан 1,14 миллион киши вафот этган.

Олимларнинг таъкидлашича, бундай хавфли вазиятнинг асосий сабаби — антибиотикларни ортиқча ва нотўғри қўллашдир. Бу эса антибиотикларга чидамли штаммларнинг тирик қолиши ва кенг тарқалиши учун шароит яратади.

Роберт Кох институти мутахассислари таъкидлашича, «антибиотикларга чидамлиликни камайтиришнинг калити — антибиотикларни мақсадли ва тўғри қўллашдир».

Энг кўп ўлим ҳолатлари қон айланиш тизими инфекциялари, нафас йўллари яллиғланиши ҳамда қорин бўшлиғидаги яллиғланишлар натижасида юз берган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech