16:40 (26.11.2025)

22

Ҳиндистонда йўталга қарши сироп оқибатида камида 24 нафар бола вафот этди – Reuters

Coldrif сиропини ичган болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги кузатилган. Ҳиндистон ҳукумати сироп ишлаб чиқарувчига таркибий қисмлардан бирини етказиб беришда хавфсизлик қоидалари бузилганлик эҳтимолини ўрганяпти.

Ҳиндистонда камида 24 нафар бола Sresan Pharmaceuticals компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Coldrif йўтал сиропини истеъмол қилиш оқибатида вафот этган, дея хабар берди Reuters.

Айни пайтда ҳукумат сироп ишлаб чиқарувчига таркибий қисмлардан бирини етказиб беришда хавфсизлик қоидалари бузилганлик эҳтимолини ўрганяпти. Қайд этилишича, Sresan Pharmaceuticals маҳаллий кимёвий маҳсулотлар дистрибютори Sunrise Biotech’дан сиропдаги фаол моддаларни эритишда қўлланадиган 50 кг пропиленгликол харид қилган. Ўз навбатида, Sunrise Biotech маҳсулотни Jinkushal Aroma’дан сотиб олганини маълум қилган.

Reuters’га кўра, ҳар иккала компаниянинг ҳам фармацевтик таркибий қисмларни қайта ишлаш учун лицензиялари бўлмаган. Компания эгалари сотилган пропиленгликол дори ишлаб чиқаришда ишлатилишини билмаганликларини билдирган. Хусусан, Sunrise Biotech компанияси Reuters’га етказиб беришдан олдин эритувчини етарлича муҳрламасдан қадоқлаганини тасдиқлаган.

Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда аниқланган хавфли суюқ дори воситалари ҳақида огоҳлантирганди. Маълум бўлишича, Sresan Pharmaceutical, Rednex Pharmaceuticals ва Shape Pharma томонидан ишлаб чиқарилган Coldrif, Respifresh TR ва ReLife каби препаратларнинг баъзи партиялари хавф туғдиради. Ҳиндистон давлат органлари ушбу дори воситаларини ишлаб чиқаришни зудлик билан тўхтатиш тўғрисида буйруқ берган ва уларга берилган рухсатномаларни қайтариб олган.

Октябрь ойи бошида Ҳиндистонда полиция Мадхя-Прадеш штатида 17 нафар беш ёшгача бўлган болалар вафот этганидан сўнг Coldrif йўтал сиропи ишлаб чиқарувчи Sresan Pharmaceuticals фармацевтика компанияси эгасини ҳибсга олганди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech