08:50 (07.02.2024)
2944
Дорихоналарни яхши дорихона амалиёти (GPP) стандартларига ўтказиш замон билан ҳамнафас бўлмоқчи бўлган корхоналар учун устувор вазифа ҳисобланади.
GPP- халқаро стандарт бўлиб, унга дунёнинг барча ривожланган мамлакатларидаги дорихоналар амал қилади. GPP қоидалари дорихоналар иши учун асосий талабларни тартибга солади. Улар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан биргаликда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, минимал ножўя таъсирлар билан максимал терапевтик самарага эришиш учун юқори сифатли ва хавфсиз дори воситаларини оқилона истеъмол қилишга қаратилган.
1991 йилда фармацевтика бозорининг чакана савдо тармоқлари ривожланган 10 та давлатнинг етакчи экспертлари йиғилишида биринчи марта “яхши дорихона амалиёти” GPP атамаси киритилди. 1993 йилда Халқаро фармацевтика федерацияси (ФИПП) томонидан GPP йўриқномаси қабул қилиниб, ЖССТ томонидан ҳар бир мамлакатнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда миллий стандартларини яратиш учун асос сифатида тасдиқланди.
2016 йилдан бошлаб мамлакатимизда GxP стандартларини фаол ишлаб чиқиш бошланди ва ўша йили биринчи стандарт тасдиқланди: O`z DSt 3127:2016.
2019 йилдан бошлаб мамлакатимиз фармацевтика тармоғида ушбу стандартларни босқичма-босқич жорий этиш бўйича амалий ишлар бошланиб, бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Яхши дорихона амалиёти стандарти фармацевтика ходимлари томонидан Республика аҳолисига кўрсатиладиган фармацевтика хизматларининг тегишли сифатини таъминлаш учун ишлаб чиқилган.
Мазкур стандартнинг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:
- яхши сифатли дори воситаларини ва тиббий буюмларни бериш;
- дори воситаларининг таркиби ва яхши қўлланилишига тегишли ишончли ва холис маълумотларни тақдим этиш;
- дори воситаларини рационал қўлланилиши ва тўғри ишлатилиши бўйича тарғибот қилиш;
Яхши дорихона амалиётининг асосий талаблари қуйидагилар ҳисобланади:
- инсон соғлиғини сақлаш мақсадида беморга эътиборни қаратиш;
- дори воситалари рационал қўлланилиши ва яхши ишлатилиши бўйича кўмаклашиш;
- касбий этикага ва маҳфийликка риоя қилиш;
- сифатли фармацевтик хизматларни кўрсатиш;
- деонтология, фармакотерапия ва фармакология асосларини эгаллаган малакали фармацевт кадрларнинг мавжудлиги.
Дорихона томонидан GPP қоидаларининг жорий этилганлиги Зарур амалиётлар маркази томонидан "Яхши дорихона амалиёти" (GPP) O‘z DSt 3127:2016 Давлат стандарти талабларига мувофиқлик сертификати билан тасдиқланади.
Эслатиб ўтамиз: Президент Фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 январга қадар фармацевтика маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланувчи тармоқли дорихоналар, 2026 йил 1 январга қадар бошқа дорихоналар Зарур дорихона амалиёти (GPP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим.