09:00 (14.08.2025)

50

Жарроҳлик амалиётида кесилган тўқималарни тикишсиз даволаш усули ишлаб чиқилди

Энди операция учун кесилган тана қисмларини янги тиббий елим ёрдамида бирлаштириш мумкин. Мазкур модда нам тўқималарга атиги 30 сония ичида ёпишиб қолади. Бунинг учун уни махсус кўк нур билан ёритиш кифоя. Қалинлиги ва сувни итарувчи (гидрофоб) хусусияти елимнинг ҳатто ҳўл юзаларда ҳам мустаҳкам туришини таъминлайди.

Узоқ йиллардан буён жарроҳлар танадаги кесилган жой ёки катта жароҳатларни ёпиш учун махсус ип (шв)лар ёки скобалардан фойдаланиб келади. Бу усуллар содда ва синовдан ўтган бўлса-да, ўзига яраша ноқулайликларга ҳам эга.

Тикув иплари билан битган жароҳатларда кўпинча дағал чандиқлар қолади. Баъзан иплар бўшашиб, яра очилиб кетади ва тикланиш тўлиқ бўлмайди. Металл скобалар эса атрофдаги тўқималарни тирнаши ёки шикастлаши мумкин.

Энг қийини – нервлар ва қон томирларни тиклаш. Улар жуда нозик бўлгани учун ҳар қандай қўшимча жароҳат мазкур органларнинг ишлашига жиддий тўсқинлик қилади. Шу сабаб олимлар шикастланган тана қисмларини даволаш, тўқималарни бирлаштиришнинг анъанавий усулларига муқобил, хавфсиз ва самаралироқ ёндашувларни излашда давом этмоқда.

Мазкур масалага бағишланган тадқиқотлардан бири АҚШдаги Massachusets технология институти (MIT)да ўтказилиб, ёруғлик нури ёрдамида қотувчи махсус тиббий елим ишлаб чиқилди. У нам тўқималарга 30 сония ичида ёпишади, вақт ўтиши билан танада эриб кетиб, из қолдирмайди.

Ушбу тадқиқот дастлаб бир аспирантнинг полимерлар бўйича илмий лойиҳаси бўлиб бошланган. Кейинчалик у лаборатория ҳайвонларида юракдаги тешикларни хавфсиз “ёпиш” усули сифатида қўлланган.

2013 йилда мазкур лойиҳа асосида Tissium номли компания ташкил этилган. Унинг фаолияти жарроҳлик амалиётларида фойдаланиладиган эски тикиш усулларини жароҳатга кам зарар етказадиган ва самарали технологиялар билан алмаштириш мақсадида йўлга қўйилган.

Tissium компаниясининг биринчи маҳсулоти — Coaptium Connect тизими. У қўл ёки оёқ бармоқларидаги узилган нервларни қайта улаш учун ишлатилади. Тизим учта асосий қисмдан иборат:

- Махсус тиббий елим: нерв учларини бир-бирига мустаҳкам ёпиштиради.
- 3D-принтерда тайёрланган махсус қобиқ: нерв учлари тўғри жойлашиши учун уларни ўраб туради.
- Кўк ёруғлик нури: елимни 30 сонияда қотиради.

Жарроҳлар аввал нерв учларини қобиқ ичига жойлайди, устига елим суртади, сўнг кўк ёруғлик билан ёритади. Натижада нервлар мустаҳкам ёпишади ва вақт ўтиши билан елим танада эриб кетади, из қолдирмайди.

Клиник синовларда 12 нафар бемор иштирок этган, натижаларга кўра, уларнинг ҳаммасида бармоқлар ҳаракати тўлиқ тикланган. Таққослаш учун, анъанавий тикиш усулида бундай натижа атиги 54 фоиз ҳолларда қайд этилган.

Тадқиқотчилар келгусида мазкур технологиядан чуррани даволаш, юрак ямоғи ва жарроҳликнинг бошқа соҳаларида ҳам фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиш устида изланиш олиб бормоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech