12:30 (18.05.2026)

49

ЖССТ Африкадаги Эбола эпидемияси сабаб халқаро фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Конго Демократик Республикаси (КДР) ва Угандадаги Эбола эпидемияси муносабати билан халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини маълум қилди. Ташкилот баёнотида айтилишича, касалланганлар сони ва касалликнинг географик тарқалиши бўйича аниқсизликлар сақланиб қолмоқда.

ЖССТ таъкидлашича, гап пандемия ҳақида эмас, балки эпидемия ҳақида кетмоқда. Ташкилот маълумотларига кўра, КДРнинг учта ҳудудида Эболага боғлиқ бўлиши мумкин бўлган 80 та ўлим ҳолати ва 246 та эҳтимолий касалланиш ҳолати аниқланган. Шулардан саккизтаси лабораторияда тасдиқланган. Уганда пойтахти Кампала шаҳрида эса 15–16 май кунлари КДРдан келган икки нафар шахсда вирус лаборатория текшируви орқали тасдиқланган, улардан бири вафот этган.

КДР соғлиқни сақлаш вазири Самуэль Роже Камба 15 май куни мамлакатда Эбола иситмасининг янги ўчоғи аниқланганини расман эълон қилди. Эпидемия маркази Итури провинциясининг Монгбвалу ва Рвампара ҳудудларида жойлашган. Илк бемор Буниа шаҳрида ишлаган ҳамшира бўлиб, у бир неча кун аввал вафот этган. Унда Эбола вирусининг Бундибугио деб аталувчи тури аниқланган. Асосий муаммо шундаки, кенг тарқалган Заир туридаги Эбола вирусидан фарқли равишда, Бундибугио турига қарши вакцина мавжуд эмас.

Эбола вируси инсонга ёввойи ҳайвонлар орқали юқади. Касалликнинг дастлабки белгилари — иситма, мушакларда оғриқ, бош оғриғи ва томоқ оғриғи. Кейинчалик буйрак ва жигар фаолияти бузилади, айрим ҳолларда ички ва ташқи қон кетишлари кузатилади. Инсонда Эбола вируси билан касалланишнинг илк ҳолати 1976 йилда ҳозирги Конго Демократик Республикаси ҳудудида қайд этилган. Энг йирик эпидемия 2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада — Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леоне ҳудудларида кузатилган. Ўшанда қурбонлар сони 11 минг нафардан ошган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech