11:52 (04.10.2023)

1583

ЖССТ безгакка қарши янги вакцинани тасдиқлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, дунёда йилига ўртача 247 миллион кишига безгак ташхиси қўйиляпти. Қурбонлар сони 600 минг нафардан ошмоқда. Ушбу кўрсаткичларнинг ўртача 95 фоизи Африка қитъасида рўйхатга олиняпти. 

ЖССТ бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган янги вакцинани тасдиқлади. У бундан икки йил аввал фойдаланишга тавсия этилган илк муқобилидан, энг аввало, арзонлиги билан фарқланади.

Янги эмлаш воситаси R21 деб номланди. Унинг муаллифлари — Буюк Британиянинг Оксфорд университети олимлари.

Маълумотларга кўра, ҳар икки вакцинанинг самарадорлиги ўхшаш. Шунга қарамай, R21 нинг бир дозаси 2-4 долларга тенг ва бир киши учун тўрт доза талаб этилади. Бу, аввалги RTS,S вакцинаси нархидан икки баробар арзон.

Эслатиб ўтамиз, безгакка қарши эмлаш воситасини яратиш учун дунё олимларига 100 йилдан кўпроқ вақт зарур бўлди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech