15:00 (11.07.2024)
957
Бугун дунёда профилактика, диагностика, даволаш ва реабилитация мақсадларида қўлланиладиган 10 000 дан ортиқ турдаги тиббий буюмлар мавжуд. Ўз навбатида, уларни ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам кўп.
Ана шундай шароитда қайси тиббий технологиянинг самарадорлиги юқори, қай бири нисбатан арзон ва фойдаланиш учун қулай, деган саволлар харидору буюртмачиларни жиддий ўйга толдириши табиий.
Тўғри танлов қилиш учун эса ишончли ва бой таҳлилий маълумотлар базаси ҳамда вақт синовидан ўтган оқилона тавсиялар зарур.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида илк бор тиббий асбоб-ускуналар бўйича ягона ахборот тизими — MeDevIS онлайн платформасини ишга туширди. У ҳукуматлар, даволаш-профилактика муассасалари, донор ташкилотлар ҳамда индивидуал фойдаланувчилар учун мўлжалланган.
Мазкур тармоқда репродуктив саломатлик, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган ҳамда бошқа турдаги касалликлар диагностикаси ва муолажасида қўлланиладиган 2300 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ҳақидаги маълумотлар жамланган.
Улар орасида оддий шприц, тиббий ниқоб, электрон термометр ва пульсоксиметрдан тортиб протезлар, юрак стентлари, мураккаб лаборатория тизимлари, электрокардиографлар, эндоскоплар, гемодиализ аппаратлари, дефибрилляторлар ва инновацион радиотерапия ускуналаригача бор.
Фойдаланувчилар MeDevIS платформаси орқали ўзларига керакли маҳсулот, буюм, техонология имкониятлари, самарадорлиги, зарур инфратузилма, соғлиқни сақлаш тизими даражаси (масалан, маҳаллий клиника ёки ихтисослаштирилган шифохона) каби кўп қиррали ахборотларга эга бўлади.
ЖССТ ҳозирча фақат инглиз тилида фолият олиб бораётган янги платформани келгусида босқичма-босқич такомиллаштириб боришни мақсад қилган.