08:57 (22.01.2025)
64
Соғлом турмуш тарзи урфда, шунинг учун деярли ҳар бир киши витаминлар ва биологик қўшимчаларни қабул қилади. Бироқ, шифокор билан маслаҳатлашмасдан турли витамин ва БФҚ ларни истеъмол қилмаслик керак.
Айниқса, 40 ёшдан ошган бўлсангиз, дейди гинеколог-эндокринолог Екатерина Волкова. Витаминлар турли кўринишда ишлаб чиқарилади: баъзилари профилактик воситалар сифатида қўлланса, бошқалари фаол моддаларни ўз ичига олади. Айрим турдаги капсулалар ва таблеткалар маълум моддага бўлган кунлик эҳтиёжнинг 200-300% ни ўз ичига олади. Агар бундай витаминлар тартибли ва керакли дозаларда қабул қилинмаса, ўша модданинг танада ортиқча йиғилиб қолиши кузатилади. Бу эса хавфли ҳолатдир.
Хавфли бўлган витаминлар
E витамини. Унинг кундалик дозаси 1000 мг дан ошса, қон кетиш, гипертония, жинсий гормонлар ва қалқонсимон без гормонлар ишлаб чиқаришнинг камайиши кузатилади.
C витамини. Бир қарашда зарарсиз кўринадиган аскорбин кислотаси буйракда тоши бор беморлар учун хавфли бўлиб, бошқа буйрак касалликларига мойил бўлган инсонларга зарар етказиши мумкин. Шифокорлар кунига 50 мг дан ортиқ аскорбин кислотасини ичишни тавсия этмайди. Бир марталик даволаниш курси ва бир ойдан ошмаслиги лозим.
А витамини. Чекувчилар бу витаминни қабул қилишда айниқса эҳтиёт бўлишлари керак. Ретинол билан биргаликда сигареталар ўпка саратонининг ривожланиш хавфини ошириши мумкин.
Темир. Темир танқислиги кенг тарқалган муаммо, бироқ организмда яллиғланиш жараёни мавжуд бўлса, темирнинг фойдаси тегмайди.
Кальций. Бу фойдали минерал D витамини билан биргаликда яхши сўрилади. Кальцийнинг ортиқча дозаси эса асаб тизимига зарар етказади.
Омега-3. Ортиқча омега-3 қоннинг ивиш даражасини камайтиради ва анемияга олиб келади.
АҚШ Миллий Соғлиқни сақлаш институти (NIH) олимлари учта йирик тадқиқот ўтказди. Унда 390 мингдан ортиқ соғлом бўлган катта ёшли инсонлар иштирок этди. Тадқиқот йигирма йил давом этди. Кузатувда мултивитаминларни қабул қилишнинг ҳаёт давомийлигига таъсири таҳлил қилинди.
Эксперимент иштирокчилари уч гуруҳга: поливитаминларни қабул қилмаганлар, вақти-вақти билан қабул қилганлар ва ҳар куни қабул қиладиганларга бўлинди.
Натижаларга кўра, ҳар куни мультивитаминларни қабул қилиш ҳаётни узайтира олмаслиги аниқланди. Витаминлар саратон, юрак касаллиги ёки атеросклероздан ҳимоя қилмайди. Аксинча, поливитаминларни қабул қилганлар орасида ўлим кўрсаткичи бир оз юқори бўлади. Олимлар сўзларига кўра, аҳолиси узоқ умр кўрадиган ҳудудларда инсонлар кўпроқ сабзавот, мева ва дуккакли экинларни истеъмол қиладилар.