11:50 (09.04.2025)

326

Дори воситаларини онлайн сотишда қандай тартиб-қоидаларга амал қилиш керак?

Энг аввало, фақат шифокор рецептисиз бериладиган дориларни онлайн сотиш мумкин. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни электрон тарзда реализация қилиш – тақиқланади.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиб олиш мумкин бўлган сайтлар ва/ёки мобиль иловаларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

- юридик шахснинг тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган ҳолда;
- давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, тадбиркорлик субъектининг идентификация рақами;
- жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзили, боғланиш телефон рақами;
- лицензиянинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар (рақами, амал қилиш муддати, лицензияни беришга ваколатли органнинг номи);
- реализация қилинаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳақидаги маълумотлар (халқаро патентланмаган ва савдо номи, чиқарилган шакли, дозаси, серияси, яроқлилик муддати, ишлаб чиқарган давлат (етказиб берувчи), қўллаш бўйича йўриқнома, чакана реализация нархи, савдо устамаси миқдори, мувофиқлик сертификати);
- реализация қилинаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар аналоглари ҳақидаги маълумотлар;
- ҳисоб-китоб шакли, етказиб бериш тартиби ва нархи.

Электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилишда, зарур ҳолларда дорихоналар томонидан аҳолига сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб бериш мумкин. Бунда дорихонанинг фармацевтик маълумотга эга бўлган ходими харидорга дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартибини алоқа воситалари орқали маслаҳат беради ва дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб бериш учун фармацевтик маълумотга эга мутахассис бўлиши талаб этилмайди.

Нархи харидор томонидан тўланган дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан олиб харидорларга етказиб бериш билан шуғулланадиган юридик шахсларнинг штатида фармацевт бўлиши талаб этилмайди.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб берувчи транспортда махсус жиҳозланган камера бўлиши лозим, унда сифат, самарадорлик ва хавфсизликка риоя этилишини таъминловчи зарур ҳарорат, намлик ва тоза ҳаво таъминлаб турилади. Алоҳида сақлаш ҳароратини талаб этувчи дори воситалари фақат ташиш ҳароратини доимий равишда кузатиб борувчи қурилма билан жиҳозланган рефрижератор ускунаси ёки термоконтейнер билан жиҳозланган транспорт воситасида ташилади.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар, уларнинг сифати, самарадорлиги ва хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмайдиган ҳамда ташқи муҳит таъсиридан сақловчи транспорт воситаларида ташилади. Улар ўрамининг шикастланишидан, тўкилишдан, ифлосланишдан, шу жумладан бошқа дори воситалари ва моддалари билан ифлосланишдан ҳимояланган бўлиши керак. Уларни бошқа турдаги юклар билан бирга ташиш тақиқланади.

Мунтазам равишда (бир йил давомида 2 ва ундан ортиқ марта) дори воситалари ва тиббий буюмларни онлайн-сотиш тартибининг бузилиши лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузиш деб тан олинади. Бу дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензиянинг амал қилишини тўхтатишга сабаб бўлади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech