09:00 (12.06.2025)
138
Сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситалари ва тиббий буюмлар, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхалари, шунингдек муомаладаги дори воситалари ва тиббий буюмларни инсон соғлиғига зарарли таъсирини тасдиқловчи фактлар аниқланган тақдирда муомаладан чиқарилади ва йўқ қилинади.
Дори воситалари қандай усулларда йўқ қилинади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарорининг 3-иловасига мувофиқ:
- Суюқ дори шакллари (ампулалардаги инъекция қилиш учун эритмалар, пакетлар ва флаконлардаги, аэрозол баллонлардаги эритмалар, микстуралар, томчилар) синдириб (эзилиб), (аэрозол баллонлар олдиндан тешиб қўйилади) ҳамда сув билан камида 1:100 нисбатда суюлтирилиб, ҳосил бўлган эритма канализация тизимига тўкилади. Бўшаган ампулалар, аэрозол баллонлар, пакетлар ва флакон қолдиқлари контейнерларга жойлаштирилади ва чиқиндиларни утилизация қилиш талабларига мувофиқ йўқ қилинади.
- Таркибида сувда эрийдиган моддалар бўлган қаттиқ дори шакллари (кукунлар, таблеткалар, капсулалар) майдаланиб кукун ҳолига келгунга қадар эзилади, сув билан камида 1:100 нисбатда суюлтирилиб, ҳосил бўлган суспензия (ёки эритма) канализация тармоғига тўкилади.
- Таркибида сувда эримайдиган моддалар бўлган қаттиқ дори шакллари (кукунлар, таблеткалар, капсулалар), юмшоқ дори шакллари (мазь, суппозиторийлар), дори воситаларининг трансдермал шакллари, шунингдек субстанциялар фаолсизлантирилиб, махсус контейнерларга жойлаштирилади ва чиқиндиларни жойлаштириш учун махсус ажратилган жойга ташланади.
- Таркибида тирик организмлар (тиббий иммунобиологик препаратлар) мавжуд дори воситалари аввал дезинфекцияловчи воситалар ёрдамида фаолсизлантирилиб, юқори босим ҳамда ҳарорат таъсирида уларнинг ҳужайралари парчаланади ва чиқиндиларни жойлаштириш учун махсус ажратилган жойга ташланади.
- Тиббий буюмлар уларнинг физик ва кимёвий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда йўқ қилинади.