09:00 (19.02.2025)

331

Кимлар амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга?

Амбулаторияда даволанишда шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш дори воситаларини амбулатория-поликлиника муассасалари орқали ёхуд дорихоналар орқали бериш йўли билан амалга оширилади. Беморларга дори воситаларини имтиёзли бериш беморлар амбулатория тартибида даволанадиган амбулатория-поликлиника муассасасида даволовчи врачларнинг тайинлаши бўйича бепул берилади.

Талаб этиладиган дори воситаси амбулатория поликлиника-муассасасида мавжуд бўлмаган тақдирда даволовчи врачлар уларни дорихоналардан имтиёзли бериш учун рецептлар ёзади.

Рецептни олиш учун беморлар (ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, қариндошлар) амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатни кўрсатган ҳолда беморлар ҳисобда турадиган жойдаги ёки тиббий хизмат кўрсатиш учун бириктирилган жойдаги амбулатория-поликлиника муассасасига мурожаат қиладилар.

Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга шахслар:

1. Онкологик касалликларга чалинганлар.
2. Сил касаллигига чалинганлар.
3. Мохов касаллигига чалинганлар.
4. Эндокринологик касалликларга (қандли ва қандсиз диабетга) чалинганлар.
5. Руҳий касалликларга чалинганлар.
6. ОИВ касаллигини юқтирганлар.
7. Юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар.
8. Дастурли гемодиализ олувчи беморлар.
9. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар.
10. 1941 — 1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар.
11. 1941 — 1945 йиллардаги уруш меҳнат фронти қатнашчилари.
12. Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлиги бўлган шахслар.
13. Байналмилалчи жангчилар.
14. Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech