09:00 (24.04.2026)

33

Контакт линзаларни тўғри танлаш жуда муҳим

Контакт линзалардан дунё аҳолисининг тахминан 2%и фойдаланади, уларнинг аксарияти 12 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлардир.

Линзалар ҳам тиббий мақсадларда, ҳам эстетик мақсадларда қўлланилади. Бугунги кунда ёшлар орасида кўз рангини ўзгартириш мақсадида линза тақиш анчагина оммалашган.

Ҳар бир линза тури махсус параметрлар билан тавсифланади: материал, эгрилик радиуси (BC, BCR), линза диаметри (D, OAD), оптик кучи, цилиндр ўқлари, линзанинг марказий қалинлиги ва бошқалар.

Контакт линзаларнинг таъсир механизми кўзойнак линзаларига ўхшаш — улар ёруғлик нурини синдиради ва уни кўзнинг тор пардаси (ретина)га тўплайди.

Контакт линзалар шартли равишда икки асосий гуруҳга бўлиш мумкин:

1. Қаттиқ контакт линзалар
Нисбатан кам қўлланилади — тахминан 10% ҳолатларда. Асосан кўзнинг шох пардаси билан боғлиқ мураккаб касалликларни тўғрилашда ишлатилади.

2. Юмшоқ контакт линзалар
Жуда кенг қўлланилади (90%дан ортиқ ҳолатларда). Юмшоқ линзаларни қуйидаги мезонлар бўйича таснифлаш мумкин:
— оптик таъсирига кўра (яқинни ва узоқни кўролмасликни, астигматизмни, пресбиопияни (ёшга боғлиқ узоқни кўролмаслик) тўғрилаш учун),
— материалига кўра (гидрогел линзалар, силикон-гидрогел линзалар),
— алмаштириш муддатига кўра (кунлик, ҳафталик, ойлик).

Контакт линзаларни мустақил равишда харид қилиш мумкин, аммо қуйидаги ҳолатларда албатта офтальмологга мурожаат қилиш зарур:
1. Агар инсон илк бор контакт линза тақишни режалаштираётган бўлса, албатта шифокор қабулидан бошлаш керак. Мутахассис тўлиқ текширув ўтказиб, беморга энг мос линза турини танлаб беради.

2. Линза тақишда ноқулайлик пайдо бўлса. Тўғри танланган линзалар одатда кўзда сезилмаслиги керак. Агар линзадан фойдаланганда кўриш ёмонлашса ёки ноқулайликлар (бош айланиши, кўзда ёт жисм ҳисси) пайдо бўлса, шифокорга мурожаат қилиш лозим.

3. Мунтазам йиллик текширув
Агар инсон контакт линза тақса, демак унда муайян кўз муаммоси бор (истисно — фақат кўз ранги учун линзалар). Кўзда патология мавжуд бўлса, линза бор-йўқлигидан қатъи назар, ҳар 6–12 ойда бир марта тўлиқ текширувдан ўтиш керак.

Тўғри фойдаланиш қоидалари:
➖ Фақат тоза қўл билан тақиш/ечиш
➖ Шикастланган линзани ишлатмаслик
➖ Контейнер ва эритмани ҳар куни янгилаш
➖ Бошқалар билан алмашмаслик
➖ Белгиланган муддатдан ортиқ тақмаслик

Қачон линза тақмаслик керак:
➖ Кўз яллиғланганда (масалан, Конъюнктивит)
➖ Шамоллаш/ЎРВИ пайтида
➖Айрим дорилар қабул қилинганда (кўз қуриши мумкин)

Контакт линзалар ҳаммага ҳам мос келавермайди. Қарши кўрсатмалар мавжуд. Баъзан линза материалига ёки уни сақлаш эритмасига аллергия ҳам тўсқинлик қилиши мумкин.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech