11:50 (07.06.2024)

1198

Манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар берган шахсларга жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот пули берилади

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун ижросини самарали ташкил этиш бўйича Президент қарори (ПҚ-210-сон, 05.06.2024 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Бош вазир раҳбарлигида Республика идоралараро комиссияси тузилди.

Республика комиссияси:

➖ 1 июлга қадар Қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг аниқ рўйхатини шакллантиради;

➖ Қонун кучга киргунга қадар иш гуруҳлар тузган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларида ўрганишлар ташкил этади;

➖ Қонун кучга киргандан кейин ҳар чоракда давлат органлари ва ташкилотларда қонунбузилиш ҳолатларини таҳлил қилиб боради;

➖ ҳар ярим йилда давлат органларининг биринчи раҳбарлари иштирокида Қонун ижросини танқидий муҳокама қилиб боради.

Қарорга кўра,  2024 йил якунигача “E-anticor.uz” электрон платформасида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи электрон модул ишга туширилади.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бўйича тегишли далилларни илова қилган ҳолда уларни аниқлашда фаол иштирок этган шахсларга ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот пули берилади.

Қарорга кўра, 1 октябрга қадар манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шакллари тасдиқланади.

Қарорга кўра:

➖ 1 ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашуви бўйича билим ва кўникмаларни баҳолаш учун онлайн тест синовлари ўтказилади;

➖ 3 ой муддатда давлат органларида манфаатлар тўқнашувини ҳолатларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш юзасидан ходимлар учун ўқув тренинг машғулотлари ташкил этилади.

Масъул ташкилотлар — Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши кураш агентлиги.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech