08:50 (09.04.2025)
330
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирлари — Асилбек Худаяров, Акмарал Алназарова, Теймур Мусаев, Эркин Чечейбаев, Кемал Мемисоғлу, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Ўмуралиев иштирок этди. ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге меҳмон сифатида таклиф қилинди.
Тадбирда ТДТга аъзо давлатларда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш, Туркий давлатлар ташкилотида ушбу йўналишдаги халқаро тузилмаларнинг роли каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича вазирлар Қўшма декларацияни имзолади. Унга кўра, рақамли соғлиқни сақлашнинг муҳим роли эътироф этилиб, ТДТга аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатларда рақамли тиббиёт ечимлари, жумладан, электрон рецептлардан самарали фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.
Ҳужжатда ТДТга аъзо давлатлар ва кузатувчилар учун ягона тиббий илмий макон яратиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, бу йўналишдаги таълимнинг ягона стандартларини белгилаш ва узлуксизлигини таъминлаш, соҳада ахборот-коммуникация технологияларини жадал қўллаш, электрон соғлиқни сақлашнинг ягона тартибини ишлаб чиқиш орқали беморлар маълумотларини трансчегаравий алмашиш таклиф этилган.