11:47 (12.12.2024)
1033
Aдлия органларига “ADAMED PHARMA S.A.” компаниясига тегишли “BISEPTOL/БИСЕПТОЛ” товар белгисининг контрафакти ишлаб чиқарилаётганлиги тўғрисидаги мурожаат келиб тушди.
Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида Наманган ҳудудида фаолият олиб бораётган “P.S" МЧЖ томонидан “ADAMED PHARMA S.A." компаниясига тегишли “BISEPTOL/БИСЕПТОЛ” товар белгиси билан фонетик жиҳатдан истеъмолчиларни адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган БЕСЕТОЛ номли контрафакт дори воситасини ишлаб чиқариб, савдога таклиф этилганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан “P.S” МЧЖга нисбатан ўзганинг товар белгисига ўхшаш белгидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (37 млн. 500 минг сўм) миқдорида молиявий жарима қўлланилди ва контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарилиши тўхтатилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунига асосан товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш- товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилади.