12:00 (18.06.2025)
747
Жазирама фаслда офтоб уриши энг кўп учрайдиган ҳолатлардан бири. Қуёш уриши — хавфли ҳолат бўлиб, у ташқи термал омиллар таъсирида организмнинг умумий қизиб кетиши ва ҳароратни меъёрда ушлаб туриш қобилиятини йўқотиши натижасида юзага келади.
Унинг асосий белгилари қуйидагилар:
- Кучли бош оғриғи;
- Терлашнинг тўхташи, тери қуруқ ва қизарган бўлиши;
- Тез ва кучли юрак уриши;
- Тез-тез нафас олиш;
- Ўткир нафас қисиши;
- Бош айланиши;
- Кўнгил айниши ва қайт қилиш.
❗️Оғир ҳолатларда эса беморда алаҳсираш кузатилади. Тана ҳарорати, ҳатто, 41-42 даражагача кўтарилиши, чуқур беҳушлик ҳолати кузатилиши мумкин.
Бундай пайтда беморни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозим. Сўнг горизонтал ҳолда ётқизилиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор хўлланган матони юрак соҳасига қўйиш керак. Шунингдек, унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сабаби қуёш урган инсонга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур.
Иссиқлик уришининг олдини олиш учун:
- Сувсизланишнинг олдини олиш учун кунига 3 литр миқдорда суюқлик ичиш (совутилган кўк чой, газсиз минерал сув, мевали, кам ёғли сутли ичимликлар) лозим.
- Тўғри тушадиган қуёш нурларидан сақланиш, ундан ҳимояловчи кўзойнаклар ҳамда соябонлардан фойдаланиш керак.
- Кўчага чиқаётганда очиқ рангли табиий матодан тикилган енгил либослар ва иссиқдан сақлайдиган бош кийим кийиш зарур. Чунки улар организмни совутиш ва ультрафинафша нурлардан ҳимоялашга ёрдам беради.
Ёш болалар, кекса кишилар ва сурункали хасталиклар (юрак-қон томир, эндокрин, нафас олиш аъзолари, метоболик ва руҳий хасталиклар) билан оғрийдиган беморлар иссиқлик уришига кўпроқ мойил. Шу сабабли улар саломатлигини мунтазам кузатиб бориш муҳим.