17:20 (10.10.2025)
41
Душанбе шаҳрида ўтаётган “Марказий Осиё – Россия” ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитлари доирасида Ўзбекистонда атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича йирик лойиҳаларни бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Хусусан, ушбу тадбир асносида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида Ўзбекистон Республикаси Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш лойиҳасига ҳам старт берилди. Марказ қурилишига рамзий тамал тоши қўйилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, С.Березин номидаги тиббиёт институти бошқарув раиси Аркадий Столпнер, соҳа мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ядро тиббиёти маркази фақат клиника эмас, балки мамлакат тиббиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий, амалий ва ижтимоий аҳамиятга эга йирик ташаббусдир. У инсон ҳаётини сақлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва миллий тиббиёт салоҳиятини оширишда ҳал қилувчи ўрин тутади.
Марказ С.Березин номидаги тиббиёт институти (МИБС) иштирокида инвестиция киритиш форматида барпо этилади. Объектнинг умумий майдони 12 минг квадрат метрни ташкил этади. Бу ҳудудда муҳандислик, геологик, экологик ва бошқа лойиҳаолди тадқиқотлар амалга оширилди.
Марказда диагностика ва радиожарроҳликдан тортиб, саратоннинг энг мураккаб шаклларини даволаш учун протон терапиясини жорий этиш режалаштирилган. Биринчи босқичда позитрон-эмиссион томография (ПЭТ/КТ), циклотрон мажмуаси ва радиофармпрепаратлар лабораторияси билан жиҳозланган ядро диагностика маркази ташкил этилади. Кейинги босқичларда радионуклид терапияси йўлга қўйилиб, изотоп тадқиқотлари кўлами кенгайтирилади. Маълумки, бу турдаги ташхис ва даволаш хизматлари чет элда жуда қиммат туради. Ядро тиббиёти маркази фаолият бошлагач, фуқароларимиз замонавий хизматларни ўз юртимизда қулай шароитда олиш имкониятига эга бўлади.
Марказ фаолияти натижасида йилига 8 минг нафар беморда касалликни илк босқичдаёқ аниқлаш имкони бўлади. Бу эса тўлиқ шифо топиш эҳтимолини бир неча баробар оширади. Шу билан бирга, лойиҳа мамлакатда тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам замин яратади.
Лойиҳа доирасида ядровий технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий ташхис ва даволаш усуллари жорий этилади. Онкология ва радиология соҳасида кадрлар салоҳияти, инфратузилма ва илмий база янада ривожланади. Бу орқали мамлакат тиббиётида янги босқич бошланади. Инсон саломатлигини муҳофаза қилишда аниқлик, самарадорлик ва замонавий ёндашув устувор аҳамият касб этади.