14:00 (09.04.2026)

44

Пластик буюмлар таркибидаги кимёвий моддалар эрта туғуруқларга сабаб бўлади — тадқиқот

Олимлар кундалик ҳаётимизда кенг қўлланадиган пластик буюмлар таркибидаги кимёвий моддалар ва муддатидан олдин туғилишлар ўртасидаги боғлиқликни аниқлади. Бу ҳақда NYU Langone Health тадқиқотчилари ўтказган янги изланишга таяниб Euronews хабар берди.

Тадқиқотга кўра, DEHP (ди-2-этилгексилфталат) деб аталадиган токсин дунё бўйлаб қарийб 2 миллионта муддатидан олдин туғилиш ҳолатига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мазкур модда косметика воситалари, ювиш воситалари, ҳашаротларга қарши препаратлар ва бошқа кўплаб маиший маҳсулотлар таркибида учрайди.

Ҳисоб-китобларга кўра, биргина 2018 йилнинг ўзида ушбу модда таъсири туфайли 1,97 миллион чақалоқ вақтидан олдин туғилган ва қарийб 74 минг гўдак вафот этган.

Пластик қандай қилиб туғуруқни тезлаштиради?

Мутахассисларнинг тушунтиришича, фталатлар ҳомиладорликни тартибга солувчи гормонлар фаолиятини бузади. Бу эса йўлдошда яллиғланиш ва стрессни келтириб чиқариб, туғуруқ жараёнининг муддатидан олдин бошланишига туртки бўлади.

Энг кўп зарар кўраётган ҳудудлар

Тадқиқот дунёнинг 200 дан ортиқ давлатидаги маълумотларни қамраб олган. Маълум бўлишича, DEHP таъсирининг ярмидан кўпи Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ушбу ҳудудларда саноатлашувнинг тезлашгани ва пластикдан фойдаланиш даражаси юқорилиги билан изоҳланади.

Африкада эса ҳолатлар сони камроқ бўлса-да, тиббий хизмат сифатининг пастлиги сабабли чақалоқлар ўртасида ўлим кўрсаткичи анча юқори.

Муаммо нимада?

Олимлар бир хавфли модданинг ўрнига бошқасини (масалан, DiNP) қўллаш муаммони ҳал қилмаслигини таъкидламоқда. Фойдаланишга киритилган янги моддалар ҳам худди шундай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 37 ҳафтадан олдин туғилган болаларда умр давомида ўрганиш ва ривожланиш билан боғлиқ муаммолар учраш хавфи юқори бўлади. Муддатидан олдин туғилиш дунёда гўдаклар ўлимининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech