15:22 (15.05.2026)

55

Нега бир давлатда тақиқланган дори бошқа давлатда ҳали ҳам сотилади?

Дунё фармацевтика бозорида шундай дорилар борки, айрим мамлакатларда улардан фойдаланиш тақиқланган ёки қаттиқ чекланган. Аммо бошқа давлатларда улар ҳали ҳам эркин сотувда учрайди.

Бунинг асосий сабаблари:
— давлатлар қонунчилигининг фарқ қилиши;
— дори хавфсизлиги бўйича турлича ёндашув;
— клиник тадқиқотлар натижаларига турлича баҳо берилиши;
— фармаконазорат тизимининг даражаси.

Қуйида дунёда баҳсли ҳисобланган айрим дорилар келтирилган:

Aналгин (Metamizole)
Кўпчиликка таниш оғриқ қолдирувчи. АҚШ, Буюк Британия, Япония ва яна қатор давлатларда тақиқланган ёки қаттиқ чекланган. Сабаб — кам учраса ҳам, қондаги оқ ҳужайраларни кескин камайтирувчи агранулоцитоз хавфи.
Шу билан бирга, айрим давлатларда у ҳали ҳам оғриқ ва иситма учун қўлланади.

Nimesulide
Яллиғланишга қарши дори. Айрим Европа давлатларида жигарга зарари сабабли чекланган. Болалар учун ишлатиш кўп мамлакатларда тақиқланган.

Phenylpropanolamine (PPA)
Аввал совуққотиш ва бурун битишида кенг ишлатилган. Кейинчалик инсульт хавфини ошириши мумкинлиги аниқланганидан сўнг АҚШда бозордан олиб ташланган. Аммо баъзи давлатларда ҳали ҳам айрим препаратлар таркибида учрайди.

Codeine сақловчи сироплар
Йўталга қарши ишлатилади. Айрим давлатларда болалар учун тақиқланган, чунки нафасни секинлаштириш хавфи бор. Европа ва АҚШда бу бўйича қаттиқ назорат мавжуд.

Cisapride
Ошқозон-ичак тизими учун қўлланилган. Кейинчалик юрак ритмини бузиши ва тўсатдан ўлим ҳолатлари билан боғлиқ хавфлар аниқланган. Кўп давлатларда бозордан чиқарилган.

Thalidomide
Фармацевтика тарихидаги энг машҳур фожиалардан бири. 1950–60 йилларда ҳомиладор аёлларга токсикоз учун берилган. Кейинчалик минглаб болаларда туғма нуқсонлар келтириб чиқаргани маълум бўлган. Ҳозир айрим оғир касалликларда жуда қаттиқ назорат остида қўлланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дори хавфсизлиги доимий равишда қайта кўриб чиқилишини таъкидлайди. Илгари хавфсиз деб ҳисобланган препарат йиллар ўтиб жиддий хавф келтириб чиқариши мумкин.

Мутахассислар эслатади: “Бошқа давлатда сотиляпти экан — демак хавфсиз” деган фикр доим ҳам тўғри эмас. Дорини фақат шифокор тавсияси билан қабул қилиш керак.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech