08:44 (23.02.2024)

1223

Президентнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармони қабул қилинди

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. 2024 йил 1 мартдан бошлаб алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан “Ёшлар баланси” асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилсин. Бунда мазкур раҳбарлар:

ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиб борсин;

ўзларига бириктирилган ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш учун тегишли ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан зарур маблағларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб асосида йўналтиришга рухсат этилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясиЁшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) ҳамда ёшлар бириктирилган вазирлик ва идоралар белгилансин.

2. Ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида:

2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар (“Ибрат фарзандлари”) бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилсин;

Ёшлар ишлари агентлиги ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан касблар танловида ғолиб бўлган ёшларни ўз ҳудудларида жиҳозланган устахоналар билан “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъул этиб Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) белгилансин.

3. Ёшлар ишлари агентлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг экология, соғлом турмушни тарғиб қилиш каби ижтимоий аҳамиятга молик 100 та волонтёрлик лойиҳалари бўйича биринчи босқичда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача маблағни танлов асосида ажратиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

4. Ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида:

а) оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилсин;

б) 2024 йил 1 июндан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи “Ёш тадбиркор” танловларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилсин:

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан танлов асосида “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланади. Бунда, ногиронлиги бўлган ёш тадбиркорларнинг лойиҳа ва ғояларига алоҳида эътибор қаратилади;

республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади;

ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев), Савдо-саноат палатаси (Д.Вахабов) ва Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси белгилансин.

5. 2024 йил 1 мартдан бошлаб “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури жорий этилсин.

Бунда, ушбу дастур доирасида:

маҳаллаларда ёшлар етакчилари томонидан маҳалла фаоллари иштирокида ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасига қизиқувчи ёшлар аниқланиб, уларни инглиз ва бошқа хорижий тилларга ўқитиш ҳамда сертификатлар олишини ташкил этишсертификат олган ёшлар тўғрисида маълумотларни Рақамли технологиялар вазирлигининг махсус ахборот тизимига киритиб бориш амалиёти жорий қилиниши;

Рақамли технологиялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан махсус ахборот тизимига киритилган ёшларни IT соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга йўналтириш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашиш чоралари кўрилиши белгилансин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (К.Куранбаев), Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев), Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари белгилансин.

6. 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

“Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларини ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтириш амалиёти йўлга қўйилсин;

ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформаси ишга туширилсин ва дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 250 минг нафар ёшлар қамраб олиниши таъминлансин;

ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилсин ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б.Мусаев), Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (О.Парпибоева) ва Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) белгилансин.

7. Миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омили сифатида бизнес учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида “Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида 2024 йил якунига қадар:

комплекс қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш орқали 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш;

янги иш ўринларини яратиш орқали 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъул этиб Бош вазир ўринбосари – Ж.Қўчқоров белгилансин.

8. 2024 йил 1 июлдан бошлаб нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга:

халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатларини қоплаб бериш тартиби жорий қилинсин;

уч йил давомида нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хомашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилсин;

нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун тўловлар ундирилиши бекор қилинсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъул этиб Савдо-саноат палатаси (Д.Вахобов) ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л.Қудратов) белгилансин.

9. 2024 йил 1 майдан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янги мажбурий тўловлар ва йиғимларни фақатгина қонунда белгилаш амалиёти киритилсин.

10. Кенг жамоатчилик билан муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) доирасида қуйидагилар:

2024 йилга мўлжалланган йўналишлар кесимидаги амалий тадбирлар режалари 1–5-иловаларга мувофиқ;

2024 йилда йўналишлар кесимида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатлари 6–10-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, йўналишлар кесимида 2024 йилга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–300-сон қарори билан тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

11. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши доирасида 2024 йилда:

Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизими қўшимча 1 000 та умумий ўрта таълим муассасаларида жорий қилиниб, фанлардаги амалий машғулотлар улуши 60 фоизгача оширилсин;

6,7 миллион нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида юрак-қон томир, қандли диабет, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари хавфини аниқлаш бўйича профилактик кўриклар ташкил этилсин;

7,5 минг нафар ёшлар замонавий касбларга ўқитилиши, халқаро имтиҳон тизимларида чет тиллари бўйича юқори балл олган 6 минг нафар ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилиши таъминлансин;

10 миллион нафар аҳолини югуриш, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, миллий ва белбоғли кураш каби спорт турлари бўйича марафон ва мусобақаларни ташкил этиш орқали оммавий спортга жалб қилиш чоралари кўрилсин;

2024 йилда Париж шаҳрида ўтказиладиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш учун камида 140 та лицензияни қўлга киритиш мақсадида 15 та олимпия ва параолимпия марказида ҳамда Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги 14 та спорт базасида барча зарур шароитлар яратилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб тегишинча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Худаяров), Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б.Мусаев), Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев), Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (О.Касимов), Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) белгилансин.

12. Қуйидагилар:

а) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳаси амалга оширилсин ҳамда бунинг доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5–11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланиши белгилансин;

умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик бўйича сертификациялаш тизими жорий этилсин. Бунда, директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар беш йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилсин.

б) 2025 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланиши белгилансин;

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъул этиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова) белгилансин.

13. 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (М.Азимов) ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов) белгилансин.

14. 2024 йил якунига қадар эҳтиёждан келиб чиқиб, вилоятлар марказлари, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарларида камида биттадан оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этилсин.

Бунда, хосписларни ташкил этиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятига доимий кўмаклашиш лойиҳалари учун Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан грантлар эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.

15. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Худаяров):

а) 2024 йил 1 майга қадар:

2025 йилдан бошлаб катта ёшдаги аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликлар хавфли омилларининг тарқалганлигини ўрганиш;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова) билан биргаликда 2026 йилдан бошлаб ўтказиладиган мактаб ўқувчилари орасида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг тарқалганлик ҳамда уларнинг психологик ҳолатини ўрганиш бўйича режани белгиласин;

б) 2024 йил 1 декабрга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 17 тадан 24 тага етказсин ва бунинг доирасида фуқароларнинг онкологик, кардиологик ва эндокринологик скринингдан ўтиши натижаси, уларни даволаш учун ажратиладиган пуллар тўғрисида маълумот олиш имкониятини яратсин.

16. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

2024 йилда ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилиш техник воситалари билан таъминлашнинг янги тизими босқичма-босқич жорий қилинсин;

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пулни олиш билан боғлиқ ҳаракатларни проактив тарзда амалга ошириш, ногиронликни белгилашда  эса, ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хабардор қилиш тартиби жорий этилсин;

2024 йил 1 декабрдан бошлаб ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида тегишли йўналишдаги нодавлат ташкилотлар орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (М.Оллоёров) ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (О.Фозилкаримов) белгилансин.

17. Оғир атлетика бўйича миллий спорт мактабининг халқаро нуфузини ошириш мақсадида 2024 йилда оғир атлетика бўйича барча ёш тоифасидаги спортчилар билан индивидуал ишлаш тизимини яратиш ҳамда уларни профессионал тайёргарлигини ташкил этиш учун Чирчиқ шаҳрида Оғир атлетика маркази ташкил этилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (О.Касимов) белгилансин.

18. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши доирасида:

ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати 6 фоиздан кам бўлмаган даражада бўлишини, инвестициялар эса ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан камида 30 фоиз бўлишини таъминлаш чоралари кўрилсин;

иқтисодиёт тармоқларида қиймати 18 миллиард доллар бўлган 309 та йирик лойиҳалар ишга туширилсин;

йиллик инфляция даражаси 9 фоизгача ва фискал тақчиллик 4 фоизгача бўлиши таъминлансин, кейинчалик инфляция ва Давлат бюджети тақчиллиги кўрсаткичларини пасайтириш чоралари кўрилсин;

иқтисодиёт тармоқларига 275 триллион сўм кредит ресурсларини йўналтириш, шу жумладан, 41 триллион сўмлик микромолия хизматлари кўрсатилиши таъминлансин;

банклар томонидан тақдим этиладиган кредит ставкаларини бозор механизмлари асосида 2–3 фоиз бандга пасайтириш учун зарур шароитлар яратилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Бош вазир ўринбосари – Ж.Қўчқоров ва Марказий банк (М.Нурмуратов) белгилансин.

19. 2024 йил 1 апрелдан бошлаб давлат инвестиция дастурлари доирасида марказлашган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган йирик лойиҳаларга саноат кооперацияси талаблари жорий этилсин.

Бунда, лойиҳалар доирасида маҳаллий корхоналарда зарур маҳсулотларни ўзлаштириш ва харид қилиш тавсия этиладиган маҳсулотлар рўйхати, маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш режаси ва уларга қўйиладиган талаблар назарда тутилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л.Қудратов) ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Б.Ходжаев) белгилансин.

20. Республикада “яшил иқтисодиёт”га ўтиш учун қулай шароитларни яратиш ва “яшил энергия” манбалари салмоғини ошириш мақсадида:

а) 2024 йил 1 апрелга қадар:

“яшил энергия” сертификатлари айланмаси бозор тамойиллари асосида йўлга қўйилиши таъминлансин;

халқаро иссиқхона гази савдоси бўйича лойиҳаларни амалга ошириш тартиби тасдиқлансин;

б) 2024 йил 1 апрелдан бошлаб иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизими (MRV) ва маълумотлар базаси босқичма-босқич йўлга қўйилсин;

в) 2024 йил якунига қадар хорижий инвесторлар иштирокида Тошкент, Қашқадарё, Бухоро, Наманган ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 2 700 МВт бўлган 6 та йирик қуёш электр станцияларини ишга тушириш таъминлансин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов) ва Энергетика вазирлиги (Ж.Мирзамахмудов) белгилансин.

21. Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ортиқов) бир ой муддатда:

уч ойдан ортиқ муддат мобайнида очиқ савдоларда сотилмаган давлат активларининг бошланғич баҳосини 50 фоизгача босқичма-босқич пасайтириш;

ер участкалари олти ой давомида сотилмаганда тўловнинг 15 фоизини уч ой муддатда, қолган қисмини 10 йил муддатда бўлиб тўлаш имкониятини яратиш бўйича амалий чораларни кўрсин.

22. 2024 йил 1 апрелдан бошлаб чегара божхона постларида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини расмийлаштириш бўйича карантин, санитария-эпидемиология осойишталик ва ветеринария соҳаларидаги назорат функциялари божхона хизмати органларига ўтказилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъул этиб Божхона қўмитаси (А.Мавлонов) белгилансин.

23. Давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятида очиқлик даражасини кескин ошириш ва корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш мақсадида 2024 йил 1 июлдан бошлаб давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган йирик солиқ тўловчилар корпоратив ижтимоий масъулият (CSR) ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) ҳолати тўғрисида ҳар йили 1 июлга қадар ҳисоботни жамоатчиликка ошкор этиш амалиёти йўлга қўйилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Б.Ходжаев) ва Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ортиқов) белгилансин.

24. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 октябрдаги “Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5262-сон қарорида назарда тутилган маҳсулотларга импорт божхона божининг ноль ставкасини қўллаш муддати 2027 йил 1 январга қадар узайтирилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А.Я.Хайдаров) ва Божхона қўмитаси (А.Мавлонов) белгилансин.

25. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши доирасида:

2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида камида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар кўчатлариниқаламчаларини экиш, республикада 444 та яшил боғлар барпо этиш;

2024 йил 1 мартга қадар сув каналларини реконструкция қилиш ишларига Давлат бюджетидан қўшимча ажратилган 500 миллиард сўм маблағлар доирасида камида 1,5 минг километр йирик каналларни бетонлаш ишларини якунлаш чоралари кўрилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб тегишинча Бош вазир ўринбосари – А.Раматов, Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Хамраев), Ҳисоб палатаси (А.Бобоев) ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов) белгилансин.

26. Мамлакатимизда чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш доирасида:

а) 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантиришюрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилсин;

ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилсин;

Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқлансин. Бунда, ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмаслиги белгилансин;

б) 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида “ЕВРО – 5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чеклансин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб тегишинча Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (А.Абдухакимов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Худаяров), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Б.Закиров), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) ва Транспорт вазирлиги (И.Махкамов) белгилансин.

27. Кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг экологияга автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтириш учун Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини (жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари) қисқартиришга қаратилган “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Бунда, биноси Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиши орқали намуна кўрсатиб борсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (А.Абдухакимов), Транспорт вазирлиги (И.Махкамов) ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ш.Умурзаков) белгилансин.

28. Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши доирасида 2024 йил 1 майга қадар:

адашган ёшларни жамиятга интеграция қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёшларни пробация ҳисобидан чиқариш амалиёти жорий этилсин ва уларни профилактик ҳисобга олиш асослари кескин қисқартирилсин;

йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолати юзасидан юбориладиган қарор ва хабарномалар бўйича Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) ва Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов) белгилансин.

29. Маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги таянч бўғинга айлантириш мақсадида:

2024 йил 1 апрелдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳаларни ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилсин;

2024 йил 1 августга қадар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олишмаблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш ҳамда лойиҳалар амалга оширилишини жамоатчилик томонидан мониторинг қилиш имконияти яратилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А.Я.Хайдаров) ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (К.Куранбаев) белгилансин.

30. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар даромадлари ҳамда амалга оширилган ва режалаштирилаётган харажатлар бўйича молиявий ҳужжатларга асосланган йиллик ва ярим йиллик ҳисоботларни аҳоли эътиборига тушуниш учун осон усулда ўз расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйсин.

31. “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналиши бўйича Қуролли Кучлар, соҳага масъул бошқа вазирлик ва идораларнинг киберхавфсизлик ҳамда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш бўйича салоҳиятини кескин ошириш мақсадида:

киберхавфсизлик инфратузилмасининг муҳим элементлари ҳисобланувчи ахборот тизимлари аттестацияси ва экспертизаси учун ҳар бир вазирлик ва идорада масъул шахслар жавобгарлиги белгилансин;

мазкур йўналишларда кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари ва ўқитиш методикаларини замонавий таҳдид ва тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш чоралари кўриб борилсин;

мамлакатимизнинг рақамли ва ҳарбий-тиббий инфратузилмасини такомиллаштириш, масъул идораларни замонавий техника ва тиббиёт аппаратуралари билан босқичма-босқич таъминлаш дастури амалга оширилсин;

фуқаролар шахсий маълумотларининг ҳимоясини кафолатли таъминлаш бўйича, шунингдек, банк ва тўлов тизимлари учун фирибгарликка қарши ва замонавий биометрик тизимлар жорий этилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Мудофаа вазирлиги (Б.Курбанов), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов) ва Марказий банк (Н.Саъдуллаев) белгилансин.

32.Қуйидагилар:

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Адлия вазирлиги, Ҳисоб палатаси билан биргаликда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида йўналишлар бўйича амалий тадбирлар режалари бажарилишини, мақсадли кўрсаткичларга эришилишини ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини тизимли мониторинг қилиб борсин;

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” ҳаракати Давлат дастурининг амалга оширилишини, шу жумладан, жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб борсин ва натижалари бўйича ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритсин.

Давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” ҳаракатининг мазкур банд ижроси бўйича фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиб борсин.

33. Вазирлар Маҳкамаси:

ҳар ой якуни бўйича Давлат дастури ижроси юзасидан маълумотларни умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борсин;

ҳар чорак якуни бўйича Давлат дастурида юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати йиғилишида муҳокама қилиб борсин;

ҳар ярим йилда Давлат дастури ижроси юзасидан ҳисоботларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиб борсин.

34. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Джурабаев) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) оммавий ахборот воситалари билан биргаликда мунтазам равишда:

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2024 йилда амалга ошириш натижалари оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет тармоғида ва ижтимоий тармоқларда кенг шарҳлаб борилишини ҳамда унинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка тушунтирилишини;

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган барча тадбирларнинг бориши ва натижалари тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотлар аҳолига тезкорлик билан етказилишини таъминласин.

35. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Мазкур Фармон ижросини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси зиммасига юклансин.

Амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                     Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2024 йил 21 февраль

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech