14:51 (16.02.2024)

1605

Қандай дори воситалари рецептсиз сотилади?

Дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш дори воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш жараёнида амалга оширилади.

Қуйидаги дори воситалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази томонидан рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритилади:

- Муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатларига кирмайдиган дори воситалари;

- кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатида мавжуд бўлган моддаларни таркибида сақламаган дори воситалари;

- репродуктив токсиклик, генотоксиклик ва канцерогенлик хусусиятларига эга бўлмаган дори воситалари;

- тиббий кузатувсиз қўлланилганида инсон организмига бевосита ёки билвосита хавф туғдирмайдиган дори воситалари;

- руҳий ва жисмоний қарамликни келтириб чиқармайдиган дори воситалари;

- дори воситасини буюриш ва истеъмол қилиш шифокорнинг доимий кузатувини талаб этмайдиган дори воситалари;

- ҳомиладорлик ва лактация даврида қўллаш учун қарши кўрсатмалар ва эҳтиёткорлик чоралари мавжуд бўлмаган дори воситалари;

- узоқ муддат қўлланилганида кумулятив хусусиятларга эга бўлмаган дори воситалари;

- таркибида кейинчалик тадқиқотлар ўтказиш талаб этиладиган фаол моддаларни сақламайдиган дори воситалари;

- даволаш-профилактика муассасаларида қўллашга мўлжалланмаган дори воситалари;

- инсон организмида жиддий ножўя таъсирларни келтириб чиқарадиган дори воситалари билан ўзаро таъсир қилмайдиган дори воситалари.

Бошқа барча дори воситалари рецепт асосида бериладиган дори воситалари рўйхатига киритилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech