18:00 (13.11.2025)
252
«Дори-Дармон» акциядорлик компаниясига қарашли дорихоналар ходимлари учун навбатдаги ўқув-тренинг бўлиб ўтди. Ўқув офлайн ва онлайн форматларида ташкил этилди.
Навбатдаги тренингда «Acino Pharma AG» компанияси мутахассислари иштирок этиб, «Қандли диабет хавфли. Лекин олдини олиш мумкин!» мавзусида презентация ўтказдилар.
Маълумот учун: "Acino Pharma AG" — Швейцария фармацевтика компанияси бўлиб, юқори сифатли дори воситаларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компаниянинг асосий йўналиши — ривожланаётган мамлакатлар бозори учун замонавий, самарали ва хавфсиз дори воситаларини ишлаб чиқаришдир. Acino дунё бўйлаб 90 дан зиёд мамлакатларда ўз маҳсулотларини тақдим этиб келмоқда.
Ўқув- тренинг доирасида иштирокчиларга қандли диабет ҳақида илмий маълумотлар, касалликнинг турлари, хавф омиллари ва унинг олдини олиш усуллари ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, «Acino Pharma AG» компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган, қандли диабет, юрак қон -томир касалликларини даволашда, олдини олишда, кондаги глюкоза миқдорини нормаллаштиришда қўлланиладиган, беморларга рецепт асосида бериладиган дори воситалари ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилди.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро қандли диабет федерацияси маълумотларига кўра, дунё бўйича 500 миллиондан ортиқ катталар қандли диабет билан яшамоқда.
Касалликнинг асосий хавф омиллари — семизлик, жисмоний фаолликнинг камлиги, носоғлом овқатланиш ва стресс ҳолатлари ҳисобланади.
Қандли диабетнинг кечиктирилган ёки кеч ташхис қилинган ҳолатлари инсон саломатлиги учун катта хавф туғдиради — юрак-қон томир тизими касалликлари, буйрак етишмовчилиги, кўз ва асаб тизимининг зарарланишига сабаб бўлиши мумкин.
Бу каби ўқув-тренинглари эса дорихона ходимлари учун билим ва амалий кўникмаларни ошириш, беморларга малакали маслаҳат бериш ҳамда дори воситаларини тўғри тавсия этишда муҳим рол ўйнайди.
Таъкидлаш керакки, «Дори-Дармон» АК — Ўзбекистондаги етакчи фармацевтика компанияларидан бири бўлиб, аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар билан таъминлаб келмоқда. Компания ходимлари учун мунтазам ўқув-тренинглар ўтказиш орқали хизмат сифати ва касбий малакаси ошириб борилмоқда.