14:37 (28.02.2024)
1300
Реимбурсация сўзининг маъноси харажатларни қоплаш бўлиб, сурункали касалликларни даволаш учун шифокор буюрган дорилар харажатини қоплаш назарда тутилган. Бунда оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида бемор Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналардан дориларни бепул олади.
Мазкур тизимни Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида “Д” тоифадаги беморлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, 2023 йилда 15 минг 447 нафар беморга рецепт ёзилди. Бунинг учун Жамғарма 1 миллиард 300 миллион сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилган.
Тошкент шаҳрида ҳам 2023 йилнинг 1 августидан Юнусобод туманида реимбурсация тизими жорий қилинди.
2024 йилда Тошкент шаҳаридаги туманларда реимбурсация дастурини босқичма-босқич жорий қилиш режалаштирилган. Ҳозирда Олмазор ва Чилонзор туманларида реимбурсация дастурини жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда.
2024 йил июль ойидан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Қўнғирот, Чимбой туманларида реимбурсация дастурини жорий этилади.
"Дори-Дармон" акциядорлик компаниясига қарашли Сирдарё вилоятидаги 40 та ва Тошкент шаҳридаги 10 та дорихона ва дорихона шохобчалари реимбурсация дастурига уланган бўлиб, 2023 йил давомида 962,6 млн. сўмлик дори воситалари электрон рецепт орқали беморларга бепул берилди.