18:00 (04.05.2026)
39
"Дори-Дармон" акциядорлик компаниясининг бир гуруҳ ҳодимлари касаба уюшмаси ташаббуси билан Самарқандга саёҳат қилишди.
Бир кунлик саёҳат давомида дастлаб, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом ал-Бухорий мажмуаси зиёрат қилинди. У ХХ аср охирига оид мемориал, диний ва маънавий-маърифий иншоотлар мажмуаси ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2025 йилда қайта бунёд этилган ушбу бино жамоатчилик томонидан “Ўзбекистон Тож маҳали” дея эътироф этилмоқда.
Сўнгра саёҳат иштирокчилари Регистон майдонига ташриф буюришди. Регистон — Самарқанднинг юраги, Шарқ меъморчилигининг ноёб намунаси бўлиб, у учта машҳур мадраса — Улуғбек, Шердор ва Тиллақори мадрасаларидан иборат меъморий ансамблдир. Бу майдон асрлар давомида шаҳарнинг асосий ижтимоий, савдо ва маданий маркази бўлиб хизмат қилган. Бугунги кунда эса у нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун дунё туризмининг энг машҳур масканларидан бири ҳисобланади.
Саёҳат давомида компания ходимлари Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президент Ислом Каримов қабрини ҳам зиёрат қилишди.
Ҳазрати Хизр масжиди Самарқанд шаҳрининг муқаддас зиёратгоҳларидан биридир. У Самарқанддаги биринчи мусулмон масжиди ва меъморий обидаси сифатида эътироф этилади. Масжид Қутайба ибн Муслим томонидан қурилиб, Ҳазрати Хизр номи билан аталган.
Хожа Дониёр, Қусам ибн Аббос ва Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари аслида битта мажмуа бўлган. Масжидга кираверишдаги мармар тошда кўрсатилган “1854 йил” ёзуви унинг Бухоро амири Амир Музаффархон томонидан тикланганлигига ишорадир. Мажмуа Ҳазрати Хизр масжиди, Шайх Нуриддин Баср Авлиё зиёратгоҳи, Махсум бобо Авлиё зиёратгоҳидан иборат.
Бир сўз билан айтганда саёҳат мароқли, қизиқарли ва катта таассуротларга бой бўлди.