15:00 (19.12.2024)
275
Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, 2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳа хизматлари сифатини янада ошириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган. Унга кўра 2025 йилда иқтисодий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Хусусан, Қонунда ўрта муддатда консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик вазифасидан келиб чиқиб, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431,0 трлн сўм, харажатлар эса 480,5 трлн сўм миқдорида шакллантирилган.
Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўмни, харажатлари эса 344,8 трлн сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 66,4 трлн сўм ва 62,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда.
Қонунда кейинги йилда ҳам харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган бўлиб, Давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи ёки 177,7 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда.
Сенаторлар Қонунни муҳокама қилиш жараёнида бюджет даромадларини оширишга, бюджет маблағларини мақсадли сарфлашга алоҳида эътибор қаратди ва ўз фикрларини билдирди.
Қонунда 2025 йил учун Давлат бюджети харажатларида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 3,6 трлн сўм кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 41,3 трлн сўмни ёки 2024 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 19,8 фоизга ошган ҳолда ажратиш режалаштирилмоқда.
Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.