11:50 (20.12.2022)
2503
Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.
Биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.
Узоқ тайёргарлик кўрилган ушбу ислоҳот доирасида:
- Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади;
- ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади;
- кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади;
- давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқаради. Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.
Биз коррупция ҳақида кўп гапирамиз, лекин тизимида коррупцияга йўл қўйилса, нима учун вазир жавоб бермаслиги керак? –деди Президент.
Энди сўров бошқача бўлади. Вазир ўз тизимига ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб, ўзи жавоб беради.
Давлат вакиллари ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги, самимийлиги ва фидойилиги билан одамларимиз меҳрини қозониши керак.
Энди, вазирларнинг сиёсий масъулияти оширилиб, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бевосита вазирлар иштирокида коллегиал ҳал этилади.
Ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун, ҳар ойда жойига чиққан ҳолда “Ҳукумат куни” ўтказилиши йўлга қўйилади.
Вазир ҳар йил бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради.
Таъкидлаб айтмоқчиман – энди, қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади, — Шавкат Мирзиёев.