17:50 (06.03.2025)
264
Смартфондан атиги 72 соатга воз кечиш миянинг ҳис-туйғуларни бошқариш ва мукофотлаш тизими билан боғлиқ фаолиятида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлди. Бу ҳақда Computers in Human Behavior журналида чоп этилган тадқиқот натижаларида айтилди.
Тажрибада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган, смартфонлардан мунтазам фойдаланадиган 25 нафар ёшлар иштирок этди. Тадқиқот бошланишидан олдин иштирокчилар смартфонларнинг уларнинг психологик ҳолати ва ижтимоий хулқ-атворига таъсири бўйича тестдан, шунингдек, миянинг МРТ текширувидан ўтказилди. Шундан сўнг иштирокчиларга уч кун давомида смартфонлардан фақат иш, маиший вазифалар ва яқинлари билан мулоқот қилиш учун фойдаланишга рухсат берилди.
Уч кундан сўнг иштирокчилар такрорий МРТ текширувидан ўтказилди, уларга уч турдаги тасвирлар кўрсатилди: нейтрал тасвирлар (масалан, манзаралар), ёқилган ва ўчирилган смартфонлар. Сканерлар миянинг дофамин ва серотонин ишлаб чиқариш учун масъул бўлган соҳаларида, кайфиятни, ҳис-туйғуларни ва қарамликни шаклланишини тартибга солувчи нейротрансмиттерларда сезиларли ўзгаришларни аниқлади.
Смартфондан фойдаланишни чеклаб қўйилгандан сўнг, ёқилган қурилмалар тасвирларини кўришда ушбу соҳалардаги фаоллик камайган. Бу қўзғалувчанлик ва гаджетларга боғланиш даражасининг пасайишини кўрсатади. Олимларнинг таъкидлашича, бундай таъсирлар смартфондан ортиқча фойдаланиш аломатлари бўлмаганларда ҳам кузатилган.
Тадқиқот шуни тасдиқлайдики, смартфонлар мия фаолиятига бевосита таъсир кўрсатади ва улардан камроқ фойдаланиш қарамликни камайтиришга ва нейротрансмиттерларнинг табиий мувозанатини тиклашга ёрдам беради.