15:24 (15.04.2025)
80
Бугун Тошкент шаҳридаги янги “CAEx Uzbekistan” халқаро кўргазмалар марказида “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2025” ва “Beauty Uzbekistan 2025” халқаро кўргазмалари ўз ишини бошлади.
“TIHE-2025” кўргазмаси ўзбек тиббиётининг ривожланиши, замонавий жиҳозлар ва технологиялар билан танишиш, шифокорлар ва соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш имконини яратади. Шу билан бирга, бу йилги кўргазманинг яна бир муҳим жиҳати – “Гўзаллик ва саломатлик синергияси” шиори остида илк бор мустақил равишда ўтказилаётган “Beauty Uzbekistan -2025” кўргазмасидир. У эстетик тиббиёт, аппарат косметологияси ва anti-age парвариши соҳаларига бағишланади.
"Дори-Дармон" АК Бошқарув раиси М. Дусмуратов, кузатув кенгаши раиси Ф. Абуталиев ҳамда компаниямиз мутахассислари мазкур кўргазмада иштирок этиб, бир қатор учрашувлар ўтказди.
“TIHE”– Ўзбекистонда Жаҳон кўргазма саноати ассоциацияси (UFI) томонидан расман эътироф этилган ягона тиббий кўргазма бўлиб, у 1995 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинади. Бу тадбир нафақат маҳаллий, балки халқаро соҳа мутахассислари учун ҳам муҳим платформа ҳисобланади. Кўргазмалар доирасида тиббиёт, эстетик ва косметологик соҳалардаги сўнгги ишланмалар, асбоб-ускуналар намойиш этилмоқда.
“TIHE” ва “Beauty Uzbekistan 2025” кўргазмаларининг бирлашган экспозициясида 23 давлатдан 400 дан ортиқ компания ва брендлар иштирок этмоқда.