17:50 (16.07.2024)
575
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида халқ табобатига алоқадор бўлмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, “Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунга кўра, соғлиқни сақлаш амалиётида фақат қонунчиликда белгиланган тартибда қўллашга рухсат этилган профилактика, ташхис қўйиш ва даволаш усулларидан, тиббиёт технологиялари ва дори воситаларидан фойдаланилади.
Бироқ амалиётда айрим шахслар моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига рухсат этилмаган усулларни, шу жумладан, халқ табобатига алоқадор бўлмаган усулларни қўллаган ҳолда, касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатиб, инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдирмоқда. Бугунги кунда миллий қонунчилигимизда рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда ташхис қўйиш ва даволаш хизматлари кўрсатилганлиги учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаганлиги “сохта табиб”ларнинг ноқонуний фаолиятидан жабрланаётган фуқароларнинг сони ортишига сабаб бўлмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва “Реклама тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартириш киритиш назарда тутиляпти. Хусусан, моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига рухсат этилмаган усулларни, шу жумладан, халқ табобатига алоқадор бўлмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, рухсат этилмаган ҳамда халқ табобатига алоқадор бўлмаган усулларни қўллаш орқали касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилиш тақиқланиши назарда тутиляпти.