12:46 (31.07.2025)
142
АҚШнинг Gilead Sciences фармацевтика компанияси ОИВ инфекциясига қарши узоқ муддатли таъсирга эга биринчи профилактик дори воситаси - Ленакапавирни жаҳон бозорига чиқаришни режалаштирмоқда.
Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, йилига икки марта қилинадиган инекциялар иммунитет танқислиги вируси юқишидан деярли 100 фоизли ҳимояни таъминлайди.
ФДА (АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бошқармаси) 2025-йил июнь ойи ўрталарида препаратни қўллашга рухсат берди. Икки ҳафта олдин эса ЖССТ ОИВ/ОИТС тарқалишининг олдини олиш бўйича янги қўлланма чиқарди ва ҳужжатга "ОИВ юқишининг контактгача профилактикасининг қўшимча воситаси сифатида" йилига икки марта инекция қилиш схемаси бўйича Ленакапавирни қўллашни киритди.
Ташкилот экспертлари янги дорининг пайдо бўлишини "ОИВ/ОИТСга қарши кураш соҳасидаги глобал чора-тадбирларни қайта кўриб чиқишга олиб келиши мумкин бўлган муҳим воқеа" деб баҳоламоқда. Бундан ташқари, шу пайтгача ОИВга қарши вакцина ишлаб чиқишга кўп уринишлар бўлган, аммо уларнинг барчаси муваффақиятсизликка учраган.
ОИВдан ҳимояланиш учун янги препарат нимадан иборат?
"Ленакапавир узоқ таъсир кўрсатувчи дори воситаси бўлиб, у таблеткаларни ҳар куни қабул қилиш ва бошқа қисқа муддатли профилактика воситаларига нисбатан юқори самарали муқобилдир. Ленакапавир билан профилактика курси йилига фақат иккита инекциядан иборат бўлиб, бу ОИВ хавфи гуруҳидаги шахслар, айниқса белгиланган профилактика курсига ҳар куни риоя қилишда қийинчиликларга дуч келаётган, стигматизатсияга учраган ёки тиббий ёрдамдан фойдаланишда чекловларга эга бўлганлар саломатлигини ҳимоя қилиш соҳасида инқилобий қадамдир," дея изоҳ беради ЖССТ.
"Ленакапавир ҳозирча мавжуд бўлмаган ОИВга қарши вакцинанинг энг истиқболли муқобилидир: клиник синовлар кўрсатганидек, ушбу узоқ таъсир этувчи антиретровирус дори воситаси хавф гуруҳи вакиллари орасида ОИВ юқиш ҳолатларининг деярли 100 фоизини олдини олишга қодир," деди ЖССТ бош директори доктор Тедрос Адханом Гебреесус.
У ЖЖСТнинг бундай инновацион воситалардан иложи борича тезроқ ва хавфсизроқ фойдаланиш учун мамлакатлар ва фармацевтика компаниялари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Дунёда ОИВ тарқалиши билан боғлиқ вазият қандай?
Инфексиядан ҳимояланиш учун янги воситаларнинг пайдо бўлиши жуда долзарб. ЖССТ таъкидлашича, Ленакапавир ОИВ профилактикаси соҳасида турғунлик кузатилаётган бир пайтда пайдо бўлди. 2024-йилда 1,3 миллион янги ОИВ инфексияси ҳолати қайд этилган.
Янги ҳимоя воситаси ОИВга қарши бардошли иммунитетни таъминламайди, дори-дармонни ҳар олти ойда қўллаш лозим. Йиллик даволаниш курсининг (иккита укол) нархи тахминан 40 минг АҚШ долларига тенг.