09:00 (30.09.2025)
453
Даволаниш ва хавф омилларини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, кейинги 25 йил ичида глобал саратон касаллигидан вафот этадиганлар сони қарийб 75 фоизга ошади.
Бу ҳақда Euronews телеканали Тhе Lancet тиббий журналида чоп этилган ҳисоботга таяниб хабар берди.
2050 йилга бориб 18,6 миллион одам саратон касаллигидан вафот этиши ва бу вақт ичида янги касалланишлар сони 60 фоиздан ошиб, 30,5 миллионга етиши кутилмоқда.
Ҳисоботга кўра, ҳозирги вақтда саратон касаллигидан ўлимнинг 40 фоиздан ортиғи 44 та хулқ-атвор, экологик ва метаболик хавф омиллари, жумладан чекиш, нотўғри овқатланиш ва қонда қанд миқдорининг юқорилиги билан боғлиқ.
1990 йилдан 2023 йилгача ўтказилган тадқиқотда саратоннинг 47 тури текширилди. Ҳисоботга кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб 18,5 миллион янги ҳолат ва 10,4 миллион ўлим қайд этилди, бу 1990 йилга нисбатан сезиларли даражада кўпдир. Улардан 57,9 фоиз касалланиш ҳолати ва ўлим ҳолатларининг 65,8 фоизи даромади кам ва ўрта даражадан юқори бўлган мамлакатларда содир бўлган. Қайд этилишича, 2023 йилда саратон дунё миқёсида юрак-қон томир касалликларидан кейин ўлим сабаблари бўйича иккинчи ўринни эгаллаган.
Келгуси йилларда саратон касаллигининг ўсишидан энг кўп зарар кўрган мамлакатлар кам даромадли мамлакатлар бўлиши кутилмоқда. Ҳисоботга кўра, улар ҳозирдан 2050 йилгача янги ҳолатларнинг ярмидан кўпи ва ўлимнинг учдан икки қисмини ташкил қилади.
Тадқиқотчилар, айниқса, кам даромадли мамлакатларда саратон касаллигини тезроқ ва аниқроқ ташхислаш, сифатли даволаш ва ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга чақиришди.