09:10 (22.04.2026)

104

Тадқиқот: қайси ёшда семириш жуда хавфли

Йирик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, семиришнинг энг хавфли даври — бу эрта ёш, яъни 17–29 ёш оралиғидир. Айнан шу даврда ортиқча вазн тўпланиши келажакдаги саломатликка энг катта салбий таъсир кўрсатади.

eClinicalMedicine журналида эълон қилинган тадқиқот муаллифлари 620 минг нафар аҳоли (258 269 эркак ва 361 784 аёл) вазнини 17 ёшдан 60 ёшгача бўлган даврда камида уч марта ўлчаган.

Таъкидланишича, эркакларда вазн одатда ёшликда тезроқ ошади, аёлларда эса бутун ҳаёт давомида босқичма-босқич кўпайиб боради. Ёшликда вазн ортиши ҳам мушак, ҳам ёғ массаси ҳисобига бўлса, кейинги ёшларда асосан ёғ тўпланиши кузатилади.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, агар семириш ёшликда бошланса ва вазн тез ошса, эрта ўлим хавфи тахминан 70% гача ортади. Энг кучли боғлиқлик сабаблари орасида 2-тоифа қандли диабет, гипертония, жигар саратони (эркакларда) ва бачадон саратони ҳолатларида қайд этилган.

Барча сабаблар бўйича эрта ўлим хавфи семириш 30–44 ёш оралиғида аниқланганларда 57% га юқори бўлган. 45–60 ёшда тана масса индекси 30 дан ошган шахсларда эса бу кўрсаткич 29% ни ташкил этган.

17–29 ёш оралиғида семириш ташхиси қўйилган эркакларда 2-тоифа қандли диабетдан вафот этиш эҳтимоли семирмаган эркакларга нисбатан тахминан 2,1 баробар юқори бўлган. Эрта ёшда, яъни 29 ёшгача ортиқча вазн тўплаган аёлларда эса ушбу касалликдан ўлим хавфи 2,2 баробар юқори экани аниқланган. Шунингдек, инсон қанчалик тез вазн тўпласа, хавф шунчалик ортиши қайд этилган.

Юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ ҳолатларда ҳам кучли боғлиқлик кузатилган: ёш эркакларда семириш бўлса юрак-қон томир касалликларидан вафот этиш хавфи ортиқча вазн тўпламаганларга нисбатан 2 баробар юқори бўлган. Аёлларда эса бу хавф бироз юқорироқ — тахминан 2,2 баробарни ташкил этган.

Шунингдек, вазн ортиши турли онкологик касалликлар билан ҳам боғлиқ бўлиб, аёлларда бу хавф барча ёшларда сақланиб қолади.

Кечроқ ёшда ҳам семириш хавфсиз эмас: 30–44 ёшда аниқланган семириш эрта ўлим хавфини 57% га, 45–60 ёшда эса 29% га оширади. Айниқса аёлларда менопаузадан кейин ёғ тўқимаси гормонлар манбаига айланиб, саратон ривожланишига таъсир қилиши мумкин.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech