13:03 (01.04.2024)
1411
Сенатнинг эллик биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда фармацевтика ва кимё саноатини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда ривожлантириш ҳамда унга илғор илмий-техника ютуқларини ва инновацияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида мазкур Қонун билан “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунга дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш тартибининг бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Шу билан бирга “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларига дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартибини тасдиқлаш ваколатини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкловчи, шунингдек рецептсиз ёки шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари тўғрисидаги ахборотни уларнинг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда ҳамда Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат реестрида кўрсатиш талабини жорий этувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунга юридик шахсларга IV рўйхат доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим прекурсорларни тегишли лицензияларга асосан ишлаб чиқариш ва тайёрлаш ҳуқуқини берувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонун аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари тўғрисидаги хабардорлик даражасини оширишга, шунингдек инвесторларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳамда кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.