08:53 (29.05.2024)
820
“Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, ҳудудлар, соҳалар ва тармоқлар, хусусан, тиббиёт йўналишининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун давлат буюртмаси параметрлари доирасида мақсадли қабул квоталари ажратилади.
Бунда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари мақсадли қабул буюртмачилари ҳисобланади ҳамда кадрларга бўлган ўз эҳтиёжларини Давлат комиссиясига тақдим этади.
Ҳудудлар кесимида мақсадли қабул тегишли ҳудудда доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган абитуриентлар орасида танлов асосида амалга оширилади.
Мақсадли қабул квотаси доирасида талабаликка тавсия этилган фуқаро билан манфаатдор туман ёки шаҳар ҳокимияти, соҳавий давлат органи ва олий таълим ташкилоти ўртасида тўрт томонлама шартнома тузилади. Бунда талабани иш билан таъминлаш ва унинг ўқишни якунлагандан сўнг муайян ҳудудда ёки ташкилотда ишлаб беришини мониторинг қилиш кадр буюртмачиси зиммасига юкланади.
2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим ташкилотларининг бошқа таълим шаклларига умумий қабул параметри кундузги таълим шакли учун белгиланган қабул квотасидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.
Давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади. Яъни, энди давлат грантлари фалон университет учун берилмайди, балки йўналиш учун ажратилади. Бирор олий тиббий таълим муассасаси учун эмас, тиббиёт йўналиши учун грант берилиб, ушбу йўналишга ҳужжат топширган абитуриентлар орасида квота доирасида энг юқори балл тўплаганлари қабул қилинади.
Демак, бирор тиббиёт таълим муассасасида бошқа муассасадан кўра паст балл тўплаган талаба грантга ўқиши ҳолатлари энди бўлмайди.
Режага кўра, давлат грантининг барча квотасини битта ОТМ олиб қўйишининг олдини олиш мақсадида уларга 50 фоизлик чеклов қўйилади.