14:46 (21.02.2024)
1585
Дунёда инфекцияларнинг антибиотикларга чидамли турлари йилига 5 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда. Олимлар хулосасига кўра, дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш супербактерияларнинг жадал кўпайиши ва кенг тарқалишига имкон беряпти.
Хавотирли жиҳати, агар тезкор чоралар кўрилмаса, 2050 йилга бориб, мавжуд препаратларга чидамли бактериялардан йиллик ўлим кўрсаткичи 10 миллионга етиши мумкин.
Бу глобал муаммога ечим излаган Гарвард университети (АҚШ) олимларининг изланишлари муваффақиятли якунланди. Улар инсон саломатлиги учун жиддий хавфга айланган супербактерияларга қарши антибиотик яратди.
Кимё профессори Эндрю Майерс бошчилигидаги мутахассислар тадқиқот давомида крезомицин деб номланган синтетик моддани ҳосил қилишга муваффақ бўлди.
Бу препарат тилларанг стафилококклар, ичак таёқчалари (E-coli), ўпка ва қон инфекцияларини келтириб чиқарувчи ҳаёт учун хавфли қатор микробаларни ўлдириш хусусиятига эга.
Тадқиқотчилар фикрича, ҳозирча крезомициннинг таъсир механизмлари лаборатор шароитда ва жониворларда ўрганилди ҳамда тажрибалар самарали якунланди. Энди у инсонларда клиник синовдан ўтказилгач, тиббий амалиётда оммавий қўлланилиши мумкин.