17:52 (30.05.2024)
1093
Бугун пойтахтимиздаги "InterContinental Tashkent" меҳмонхонасида Учинчи халқаро фармацевтика форуми бошланди.
Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур нуфузли анжумандан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизда бу соҳани янада ривожлантириш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда хорижий компаниялар билан ҳамкорликда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари Ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз тегишли вазирлик ва давлат идоралари масъуллари, шунингдек Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Беларусь каби қатор хорижий давлатларнинг фармацевтика соҳасидаги етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилари, дистрибьюторлари, соҳани тартибга солиш ва лицензиялаш бўйича мутахассислари — жами 200 нафардан ортиқ киши иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида таъкидлаганидек, сўннги 6 йилда юртимизда формацевтика соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробарга, фармацевтика маҳсулотларининг экспорт ҳажми 6 баробарга ошди. Бу соҳада фаолият юритаётдагн корхоналарнинг сони 1,5 баробарга кўпайиб, 210 тага етди. Шунингдек, 58 та корхонада маркировкалаш тизими жорий этилди. Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида илк фармацевтика корхоналари ташкил этилди.
Тадбир доирасида қатор мавзуларга бағишланган шўъба йиғилишлари, давра суҳбатлари ҳамда B2B ва B2G форматида учрашувлар ўтказилди.
Шўъба йиғилишлари давомида фармацевтика соҳасини минтақавий ва халқаро даражада ривожлантириш ва бу борада аниқ стратегиялар ишлаб чиқиш, инвестициявий имкониятлар, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қўшма корхоналарни ташкил этиш, дори воситаларини стандартлаштириш ва маҳсулот сифатини назорат қилишни такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, тадбирда дунёнинг етакчи фармацевтика компаниялари билан юртимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш ва инвестиция имкониятларини янада кенгайтириш бўйича бир қанча келишувлар олиб борилди.
Форум эртага, 31 май куни ўз ишини давом эттиради.