11:50 (23.04.2025)

373

Ижтимоий дорихоналарнинг асосий вазифаси нимадан иборат?

Ижтимоий дорихоналарнинг асосий вазифаси аҳолини Рўйхатга киритилган дорихона ассортиментидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар, бошқа турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, имтиёзга эга айрим тоифадаги шахсларни дори воситалари билан таъминлашдан иборат.

Шунингдек, ижтимоий дорихона қуйидаги функцияларни амалга оширади:

- дори воситаларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги рецептлар бўйича ёки рецептсиз чакана реализация қилишни, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзга эга айрим тоифадаги шахсларни дори воситалари билан таъминлайди;

- белгиланган тартибда дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлайди ва йўқ қилади;

- истеъмолчидан келиб тушган шикоятлар асосида аниқланган, дори воситаларининг ножўя таъсири ва самарадорлиги паст ҳолатлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини хабардор қилади;

- амбулатория шароитида даволашда имтиёзли бериладиган дори воситалари рўйхатига киритилган, ижтимоий дорихонада амалда мавжуд бўлган ва вақтинча мавжуд бўлмаган дори воситалари ҳақида шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига ҳар чоракда маълумот тақдим этади;

- аҳолига дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш ва қўллаш бўйича маслаҳат бериш ва ахборот ёрдами кўрсатади;

- дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ижтимоий дорихоналар тармоғи бўйича ҳаракатланишининг электрон шаклдаги ҳисоб-китобини юритади;

- ижтимоий дорихонага ташриф буюрувчилар учун белгиланган тартибда тасдиқланган чекланган нархлар кўрсатилган дори воситалари ассортименти рўйхатини кўринарли жойда жойлаштиради;

- тегишли лицензияси мавжуд бўлганда шифокор рецепти асосида дори воситаларини тайёрлайди ва ички сифат назоратини ўтказади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech