11:50 (18.12.2024)
349
Дания соғлиқни сақлаш органлари Фармакологик хавфни баҳолаш қўмитасидан (ПРAC) Данияда ўтказилган иккита тадқиқот натижаларини қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилмоқчи, унга кўра, Novo Nordisk компаниясининг қандли диабетни даволашда машҳур бўлган Оземпик препарати ноартериит олд ишемик оптик нейропатия ривожланиш хавфини оширади.
Жанубий Дания университети томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Оземпик билан даволанган 2-тип қандли диабет билан оғриган беморларда ушбу патология ривожланиш хавфи икки баравардан кўпроққа ошган.
Жорий йилнинг бошида худди шундай хавф мавжудлигини кўрсатувчи Aмерика тадқиқоти натижалари ҳам эълон қилинган эди.
Энди Фармакологик хавфни баҳолаш қўмитаси олинган натижаларни таҳлил қилиши керак бўлади.
Novo Nordisk ўз баёнотида шундай дейди: "Тадқиқот натижаларини синчковлик билан таҳлил қилиш ва хавфсизликни ички баҳолашдан сўнг, Novo Nordisk компанияси семаглутиднинг фойда ва хавф нисбати ўзгаришсиз қолади деган хулосага келди." Компаниянинг асосий устувор вазифаси беморларнинг хавфсизлиги ҳисобланади.
Жанубий Дания университети офталмология кафедраси ўқитувчиси Якоб Грауслунднинг сўзларига кўра, 2018-йилда Оземпик Дания бозорига чиққандан сўнг, мамлакатда ноартериит олд ишемик оптик нейропатия ҳолатлари кўпайган.
Олимнинг таъкидлашича, Данияда ушбу касалликнинг тарқалиш кўрсаткичлари америкалик ҳамкасблари аниқлаганидек катта эмас, аммо Оземпик билан даволанганларда ишемик оптик нейропатия ҳолатлари дори қабул қилмайдиган беморларга қараганда икки баравар кўп.
Дания тадқиқотларида Оземпик таъсир қилувчи моддаси семаглутиднинг мумкин бўлган ножўя таъсирлари ўрганилган.