12:00 (20.11.2025)
286
Астанада грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатлари кескин ошди. Охирги ҳафтада 23 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилди. Бу ўтган ҳафтага нисбатан деярли 1,5 баробар кўпдир.
Пойтахт бош санитария врачи Айгул Шагалтаева имзолаган қарорга кўра, касалланганларнинг асосий қисми — 14 ёшгача бўлган болалар. Шунингдек, мактаб ўқувчилари орасида энг кўп 1–4-синф ўқувчилари касал бўлмоқда. Лабораторияда грипп вируси A(H3N2) ҳамда бир нечта COVID-19 ҳолатлари тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, барча оммавий тадбирлар — концертлар, спорт ва байрам тадбирлари — вақтинча тўхтатилди.
Эпидемиологик мавсум бошланганидан бери (1 сентябрдан) мамлакатда 1 млн 461 минг ОРВИ ҳолати қайд этилган.
Мамлакат бўйлаб риновирус, параинфлуэнза, аденовирус, бокавирус, коронавирус, РС-вирус ва метапневмовирус кенг тарқалган. Шунингдек, болалар ва ҳомиладор аёллар учун хавфли ҳисобланган “Гонконг гриппи” штамми ҳам аниқланган — мавсум бошидан буён қарийб 600 та ҳолат қайд этилган.
Мактаблар ва боғчаларда “эрталабги текширув” ўтказилмоқда. Бу жараёнда болалар ва ходимлар ОРВИ белгилари бўйича текширилади. Касалланганлар уйда ёки изоляторда қолиб, ота-оналар келгунга қадар назорат қилинади. Агар синфда касаллар сони 30%дан ошса, ўқувчилар масофавий таълимга ўтади.
Поликлиникаларда ОРВИ ва грипп симптомлари бўлган беморлар учун махсус кабинетлар ажратилди. Шунингдек, барча ходимлар ва ташриф буюрувчилар ниқоб тақиши мажбурий қилиб белгиланди, консультация ва госпитализация учун онлайн хизматлардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Шифохоналарда ётқизиш жойлари инфекция бўлимига мослаштирилмоқда, яқинлар ташрифи чекланди, ходимлар шахсий муҳофаза воситаларида ишламоқда. Хоналарни тозалаш ва шамоллатиш ишлари кучайтирилди, ҳавони дезинфекция қилиш ускуналари қўлланилмоқда.
Қайд этилишича, чора-тадбирлар касалланиш ҳолатлари барқарорлашгунга қадар амал қилади, аҳолидан профилактика қоидаларига риоя қилиш ва касалликнинг биринчи белгилардаёқ тиббий ёрдамга мурожаат қилишни сўрамоқда.