08:59 (06.01.2025)
206
Хитойда инсон метапневмовируси (hMPV) эпидемияси юзага келди, бу касалхоналарнинг ҳаддан ташқари тўлиб кетишига олиб келди. Бу ҳақда Daily Star хабар бермоқда.
Нашрнинг қайд этишича, инфекция маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимига катта юк бўлиб келган. Вирус ўпкага ҳужум қилиб, COVID-19 ва гриппга ўхшаш симптомларни келтириб чиқаради.
Маълумотларга кўра, беморлар титроқ, йўтал, томоқ оғриғи, шунингдек, заифлик ва бош айланиши каби аломатлар билан касалхоналарга ётқизилмоқда. Бироқ, Хитойда гриппнинг А тури, микоплазма пневмонияси ва коронавирус каби бошқа респираторли инфекциялар ҳам қайд этилмоқда.
Ушбу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт мутахассислари расмийлар ва жамоатчиликка инфекция эҳтимолини камайтириш учун эҳтиёткорлик чораларига риоя қилишни, жумладан ниқоб кийиш ва қўлларни мунтазам равишда дезинфекция қилишни тавсия қилмоқди.
Буюк Британияда ҳам бронхит ва пневмонияга олиб келадиган метапневмовирус билан касалланган бир нечта беморлар аниқланган.
Шунингдек, ОАВ маълумотларига кўра Қозоғистонда ҳам 30 киши мазкур касалликка чалингани айтилмоқда.
Mash маълумотларига кўра, у асосан 14 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга таъсир қилади. Умуман олганда, касаллик енгил кечади, аммо иммунитети заиф одамларда бронхит ва пневмония ривожланиши мумкин.
Инсон метапневмовируси (hMPV) - бу респиратор вирус бўлиб, айниқса болалар, қариялар ва иммунитети заиф одамларда нафас олиш касалликларини келтириб чиқаради. Ҳозирги вақтда hMPV га қарши вакцина мавжуд эмас, бу инфекцияни назорат қилишни қийинлаштиради.
Бошқа шунга ўхшаш вируслар сингари, hMPV одатда одамдан одамга йўталган ва аксирган пайтида сўлак томчилари орқали, касал одам билан яқин алоқада бўлганда ёки вирус билан ифлосланган юзалар ва нарсаларга тегиш орқали юқади, сўнгра қўллар орқали оғизга, бурун ёки кўзларга ўтади.