08:55 (07.01.2025)
294
Aқлли соат ва фитнес билагузуклари тасмаларида соғлиқ учун хавфли кимёвий моддалар бўлиши мумкин. Тадқиқот Environmental Science & Technology Letters журналида чоп этилган.
AҚШнинг Нотр-Дам университети физик олими Грэм Ф. Пизлининг сўзларига кўра, тадқиқотчилар таркибида полифторалкил бирикмалар (PFAS) бўлган ақлли соат тасмалари бунчалик кенг тарқалганлигини тахмин қилишмаган эди. Ушбу моддаларни гаджетлар учун аксессуарлар тайёрлаш учун ишлатиладиган фторэластомерда топиш мумкин.
Фторэластомерлар таркибида "абадий химикат" деб ҳам аталадиган перфторгексан кислотаси (PFHxA) бўлиши мумкинлиги аниқланди. Бу элемент биологик парчаланмайди ҳамда сув ва ёруғлик таъсирига чидамли. PFHxA синовдан ўтказилган 22 та ақлли соат ва фитнес билагузук тасмаларининг аксариятидан топилган.
Тадқиқотда айтилишича, полифторалкил моддалари (PFAS) саратон, юқори қон босими ва бепуштликка сабаб бўлади. Бироқ, ундан тагига олмайдиган идишлар, соябонлар, косметика, мебел, тозалаш воситалари, сувга чидамли матолар ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилади.
Муаллифларнинг таъкидлашича, фойдаланувчилар одатда гаджед тасмаларидаги хавфли моддаларнинг терига салбий таъсирини баҳолашмайди. Бироқ олимларнинг таъкидлашича, истеъмолчиларда ечим бор: одатда, ҳар қандай смарт-соатнинг тасмасини нейтрал материаллардан тайёрланган тасмага алмаштириш мумкин.