13:00 (05.02.2024)
1170
Мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан маълум қилинишича, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан олиб борилган музокаралар натижаси ўлароқ, ушбу мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратилган "С" ва "В" гепатитига қарши дори воситаларининг жорий йилдаги навбатдаги туркуми мамлакатимизга юборишга келишилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Унга кўра, Миср томони 2025 йилга қадар умумий қиймати 4,2 миллион доллар бўлган жами 800 минг дона (40 тоннага яқин) "С" гепатитига қарши "Даклатасвир" ва "Софосбувир" ҳамда "В" гепатитига қарши "Энтекавир" дори воситаларини инсонпарварлик кўмаги сифатида Ўзбекистонга тақдим этади.
Куни кеча "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан инсонпарварлик кўмаги сифатида ажратилган "С" гепатитига қарши "Sofosbuvir-400mg" дори воситасининг 2024 йилдаги учинчи туркумини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берди. Жами 12 дона қутида 6720 та «Sofosbuvir-400mg» дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.
Эслатиб ўтамиз, Миср ҳукумати мамлакатимизга 2023 йил давомида "С" ва "В" гепатитларига қарши умумий қиймати 696 минг АҚШ долларга тенг бўлган дори воситаларини тақдим этган.