14:05 (31.10.2023)
1966
Украинанинг Винница шаҳрида гепатит A билан касалланганлар сони бир ҳафта ичида уч баробарга ошди. Бу ҳақда Украинанинг 24-канали хабар берди.
Винница вилояти маъмурияти соғлиқни сақлаш ва реабилитация департаменти директори ўринбосари Татяна Бондаренконинг маълумотларига кўра, 174 та касалланиш ҳолати, жумладан, 32 таси болалар ўртасида қайд этилган. Яна 36 нафар бемор назорат остида ва ташхис тасдиқланишини кутмоқда.
Таъкидланишича, биринчи ҳолатлар 16-октабрда қайд этилган бўлса, 24-октабр куни тасдиқланган ташхис билан 60 нафар бемор касалхонага ётқизилган.
Телеканалнинг таъкидлашича, ҳозирча инфекция нимадан келиб чиққани номаълум. Aммо соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшко барча шаҳар аҳолисини жўмракдан келаётган сувни қайнатишга ва фақат ишончли қадоқланган сувдан фойдаланишга чақирди.
30-октабр куни Винница шаҳрида шаҳар кенгашининг ҳолатлар сонининг тез ўсиши сабабли мактабларни масофавий таълимга ўтказиш тўғрисидаги қарори кучга кирди. Aввалроқ, инфекцияга номаълум манбадан келган сув сабаб бўлгани хабар қилинган эди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.